Сирдарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов раҳбарлигидаги делегация мана бир неча кундирки, Хитой Халқ Республикасида хизмат сафарида бўлиб турибди.
Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди. Сафар доирасида делегация Хитойнинг қатор нуфузли компания ва йирик инвесторлари билан учрашувлар ўтказиб, иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, янги инвестиция йўналишларини белгилаш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилмоқда.

Ruian Quanji Agricultural Development, Heben International, China Wenren, Taizhou Shanda International Trade, Fourone System ҳамда Sichuan Tenzhui Jie компаниялари раҳбарлари билан бўлиб ўтган музокараларда Сирдарё вилоятининг иқтисодий салоҳияти, табиий ресурслари ва қулай инвестиция муҳити ҳақида батафсил маълумот берилди.

Хитойлик ҳамкорлар Ўзбекистон Президенти раҳбарлигида мамлакатда, айниқса Сирдарё вилоятида бизнес ва инвестиция учун яратилган қулай шарт-шароитларни юқори баҳолаб, қатор амалий таклиф ва ташаббусларни илгари сурдилар.
Учрашувлар чоғида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, фармацевтика саноати, саноат технопарки фаолиятини ривожлантириш, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳамда инновацион технологиялар соҳаларида ҳамкорлик қилиш бўйича амалий келишувларга эришилди.

Музокаралар доирасида айрим компаниялар Сирдарё вилоятида замонавий ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш, қўшма корхоналар тузиш ва экспортга йўналтирилган маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича дастлабки келишувларни муҳокама қилди.
Сафарнинг асосий мақсади — ҳудудга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш, иқтисодий алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш ва икки томонлама манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришдан иборат.

Маълумот учун: Сирдарё вилояти Хитойнинг бир қатор провинциялари билан иқтисодий ва маданий алоқаларни йўлга қўйган. Мазкур сафар эса ўзаро ишонч, дўстлик ва ишбилармонлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА