Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 сентябрдаги “Мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, жорий йилнинг апрель-май ойларида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги таълим муассасаларининг педагоглари малака тест синовларидан ўтказилиши белгиланган.
2024 йил 1 январдан бошлаб тизим ўқитувчиларига тоифа бериш жараёни бевосита Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан инсон омилисиз ўтказиладиган тизим орқали амалга ошириб келинмоқда. Барча вилоятларда бўлгани каби Бухоро вилоятида ҳам малака (тест) синовларига 15 апрель куни старт берилди. Вилоят бўйича аттестация жараёнида жами 14 706 нафар педагогнинг иштирок этиши режалаштирилган.
Бухоро вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ташаббуси билан умумий ўрта, мактабгача ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари педагоглари иштирокида ўтказиладиган жорий йилги аттестация жараёнларини сифатли ташкил қилиш мақсадида махсус “Тест маркази” ташкил этилди.
Замонавий компьютерлар билан жиҳозланган, юқори тезликдаги интернет тармоғига эга 150 ўринга мўлжалланган тест синови хонасида жараёнларнинг шаффоф ўтишини таъминлаш мақсадида махсус назоратдан ўтиш жойлари, кузатув камералари ўрнатилган. Шунингдек, кутиш хоналари, ҳамшира хонаси, она ва бола хонаси, ошхона ҳам иштирокчилар хизматида.
– Бугунги кун ўқитувчиси ўз устида ишлашдан, изланишдан, янгиликка интилишдан тўхтамаслиги лозим. Чунки, билим ва тарбия берувчи инсоннинг ўзи доимий равишда изланишда бўлиши лозим. Ўз устида тинимсиз ишлайдиган билимли ўқитувчигина ҳар қандай синовдан ўта олади ва у нафақат ўқувчилари орасида, балки бутун жамиятда ҳам ўзига хос ўрин ва нуфузга эга бўлади, – дейди Қоракўл туманидаги 3-мактабнинг инглиз тили фани ўқитувчиси Машҳура Ирисова.
– Ўқитиш икки карра ўқишни талаб этади. Ўз устида ишлаган ва доимий изланишда бўлган ўқитувчи синовларда кутилган натижага эриша олади, – дейди Бухоро шаҳридаги 21-мактабнинг инглиз тили фани ўқитувчиси Нигина Касимова. – Жараёнлар жуда шаффоф ва адолатли тарзда ўтди. Тест саволлари ҳар бир фан ўқитувчиси билиши лозим бўлган саволлардан тузилган.
[gallery-22936]
Жараёнлар жорий йилнинг 16 май кунига қадар давом этади.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.