Куз-қиш мавсумида аҳолининг энергия манбаларига бўлган талаби ортади. Айниқса, табиий ва суюлтирилган газнинг ўз вақтида етказилиши турмуш қулайлиги ва хавфсизлиги учун муҳим омил.
Шу мақсадда Бухоро вилоятида газ таъминоти тизими босқичма-босқич такомиллаштирилиб, аҳолига барқарор хизмат кўрсатиш йўлга қўйилган. Бугунги кунда вилоят бўйича 167 мингга яқин истеъмолчи суюлтирилган газдан фойдаланмоқда. 2024 йилда Олот ва Жондор туманларида янги газ тўлдириш шохобчалари ташкил этилди. Олотдаги шохобча 20 мингдан ортиқ истеъмолчига хизмат қилади, ойлик қуввати 320-350 тонна. Жондор туманидаги янги шохобчада эса 9 мингдан зиёд истеъмолчи учун 59 мингдан ортиқ баллон қайта газ билан тўлдирилади. Шунингдек, мавжуд газ синов цехларида аҳолига етказиладиган баллонлар хавфсизлик талабларига мувофиқ синовдан ўтказилади.

– 2024 йилда 54 мингдан ортиқ баллон синовдан ўтган бўлса, жорий йилнинг ўтган даврида бу кўрсаткич 45 минг донани ташкил этди. Қоракўл туманидаги газ тўлдириш шохобчасида мавжуд синов цехининг ўзида йил бошидан буён 17 мингдан ортиқ баллон текширувдан ўтказилиб, белгиланган муҳр билан таъминланган, – дейди газ таъминоти филиалининг бўлим бошлиғи Азиз Расулов.
Вилоят бўйича барқарор ишлаётган газ тўлдириш шохобчалари ичида Ромитан туманидаги объект алоҳида ўринга эга. Бу ерда 18 мингдан ортиқ истеъмолчига хизмат кўрсатилади. Аҳолига суюлтирилган газ баллонлари белгиланган тартиб ва меъёр асосида етказилади. Ҳар бир истеъмолчига ўз номига расмийлаштирилган махсус карта рақами берилган бўлиб, у орқали газ олиш жараёни назорат қилинади. Бунда ҳар бир фуқаро белгиланган муддатда, ўз картаси орқали бир маротаба баллон олиш ҳуқуқига эга.

Газ таъминоти тизимида чилангарлар аҳолига энг яқин бўғин ҳисобланади. Улар газ баллонларини ўз вақтида етказиб беради, бўшларини йиғиб олади ва хавфсизлик қоидаларига риоя этилишини назорат қилади. Ҳар бир хонадон билан бевосита мулоқотда бўлиш уларнинг кундалик вазифаси.
– Масъулият билан ишлашни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз. Ҳар қандай об-ҳаво шароитида халққа газни етказиб бериш асосий бурчимиз. Биз бугун совуқ, эрта иссиқ деб эмас, балки аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш мақсади билан фаолият олиб боришимиз шарт, – дейди Ромитан тумани Шўрча маҳалласи аҳолисига хизмат кўрсатаётган чилангар Элдор Раҳимов.
Бухоро вилоятида суюлтирилган газ таъминоти йўналишида аниқ натижалар бор. Янги шохобчалар ишга тушди, хизмат сифати яхшиланди, тўлов тизими электрон шаклга ўтди. Аҳоли эҳтиёжи тўлиқ қопланиб, хавфсизлик назорати кучайди. Бу жараёнлар адолатли сиёсат, масъулиятли бошқарув ва аҳолига эътиборли ёндашувнинг амалий ифодасидир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.