Маълумки, яқинда айрим маҳаллий сиёсатчилар Германиянинг АҚШдаги олтин захирасини қайтариш талаби билан чиқди.
Шу муносабат билан кўҳна қитъада пайдо бўлган шов-шувларга қарамай, Швеция Марказий банки “Sveriges Riksbank” Нью-Йорк Федерал захира банкидан ўз олтин улушини олиб қўйиш ниятида эмаслигини маълум қилди.
“АзерТАЖ” хабарида айни пайт мазкур Скандинавия давлатига қарашли тилланинг 13 фоизи океан ортида сақланаётгани айтилган.
Швеция бош банки Бозорлар бўлими бошлиғи Хейди Эльмер таъкидлашича, мамлакат Америка омборига тўлиқ ишонишда давом этади ва мунтазам равишда олтинни текшириш, қайта ҳисоблаш ишларини амалга оширади. Жорий тақсимотни қайта кўриб чиқиш учун ҳеч қандай сабаб йўқ.
2025 йил март ойи ҳолатига кўра, “Sveriges Riksbank” ихтиёрида қиймати 126 миллиард швед крони (тахминан 11,6 миллиард доллар)дан ошадиган 125,7 тонна тилла мавжуд. Захиранинг асосий қисми Буюк Британияда, қолгани Швеция, АҚШ, Канада ва Швейцарияда.
Германия Федерал захира банки тасарруфида 113 миллиард евро (тахминан 122 миллиард доллар)лик 1236 тонна олтин бор. АҚШга нисбатан ишонч камайиши бу қийматни қайтариш чақириғини юзага чиқарди.
Швеция ва АҚШ муносабати ёмонлашган тақдирда швед олтинини асраш бўйича сиёсат қандай ўзгариши мумкинлиги билан боғлиқ савол аниқ жавобсиз қолмоқда. Масъуллар мавжуд келишув барқарорлиги ва ишончлилигини таъкидлаб, келажакни башорат қилишдан тийилмоқда.
М.Пирматова, ЎзА