Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида янги китоб
Атоқли адабиётшунос, академик Шуҳрат Сирожиддиновнинг “Алишер Навоий ҳаёт йўли” номли китоби Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида нашрдан чиқди.
Олимнинг ушбу китоби улуғ ўзбек шоири ва давлат арбоби Алишер Навоийнинг машаққатли ҳаёти ва серқирра фаолиятига бағишланади.
“...Хаёлимга шу кунгача Навоий ҳаёти билан боғлиқ барча олиб борилган тадқиқотларда келтирилган тафсилотларни илк манбаларда келтирилган фактлар билан қиёсан ўрганиб чиқиш фикри келди. Устозим билан маслаҳатлашдим. У кишининг маъқуллашидан сўнг вақтинча бўлса-да, диссертациямни четроқ суриб, Навоий биографиясини қайта кўриб чиқишга киришдим. Қисқа давр ичида Навоий ҳаётининг машҳур тадқиқотчилари – М.Никитский, В.Бартольд, Е.Бертельс, А.Семёнов, М.Салье, О.Шарафиддинов, С.Айний, А.Саъдий, В.Абдуллаев, А.Кононов, А.Боровков, А.Якубовский, А.Болдирев, Мақсуд Шайхзода, М.Ойбек, шунингдек, 1926 йилд Бокуда ўтказилган “Илк туркология қурултойи” материаллари ва ўша даврларда ўзбек жадидлари томонидан вақтли матбуотда эълон қилинган мақолаларни диққат билан ўқиб чиқиб, улар асосида Навоий таржимаси ҳоли чизгиларини шакллантирдим. Чет элларда Г.Вамбери ва М.Белиндан тортиб, Навоийга бағишланган барча олимларнинг тадқиқотлари билан танишиб чиқдим. Шунинг давомида кейинги 50 йиллик давр ўзбек навоийшуносларининг асарларида учрайдиган биографик маълумотларни ҳам тизимлаштирдим. Ана шундан сўнг совет навоийшунослари ишлаб чиққан “таржимаи ҳол”ни Навоий даврида яратилган манбалардаги маълумотлар билан бирма-бир солиштириб чиқишга киришдим. Иш жараёнида кўп маълумотлар контекстдан узиб олиниб, нотўғри талқин қилингани, айрим муҳим жиҳатларга эътибор қаратилмагани (балки қасддандир!), айрим ўринларда саналар чалкаштирилиб юборилганлигини аниқладим. Кўз олдимда навоийшуносликнинг “пахса девори” аста-секин қулай бошлади. Навоийнинг ҳаётини батафсил ўрганган, аммо шоир таржимаи ҳолини маълум мақсад билан ўз билганича ўзгартирган олим совет шарқшуноси, академик В.Бартольд бўлиб чиқди. Кейинги давр навоийшуносларининг барчаси унинг асарларида белгиланган қолипдан чиқмаган экан. В.Бартольд асари совет мафкураси буюртмаси билан яратилган бўлиб, унга қарши чиқиш Навоийдан ажраб қолишга олиб келарди. Ўзбек навоийшуносларининг катта авлоди ана шу муросасозлик орқали Алишер Навоийни сақлаб қолганликлари учун миннатдор бўлишимиз кераклигини яхши тушунардим. Бироқ айни дамда Навоий ҳақидаги ҳақиқатларни халққа маълум қилш вақти келганини ҳам сезардим...”, деб ёзади муаллиф.
Академик Шуҳрат Сиржиддиновнинг Ҳазрат Алишер Навоий ҳаёт йўлига бағишланган китобини, албатта, ўқинг. Шуҳрат Сирожиддинов талқини совет мафкураси исканжаси остида яратилган “версия”дан кескин фарқ қилишига ўзингиз гувоҳ бўласиз.
ЎзА