Илмий тадқиқотларга кўра, шовқиннинг инсон саломатлигига салбий таъсири ўрганилганда, шовқин даражаси 100 децибел бўлса, карликка олиб келиши, 140 бўлса, қулоқ пардаси ёрилиб, ҳатто контузияга сабаб бўлиши, 160 децибел бўлса, ҳатто ўлимга ҳам олиб келиши мумкин. Шу боис, аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш муҳим масалалардан.
Бу борада шовқиннинг зарарли таъсири натижасида етказилган зарар учун компенсация суд тартибида ундирилиши белгиланмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида “Аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.

— Мамлакатимизда экологик вазиятни яхшилаш борасидаги ишлар билан бирга, аҳоли ва саноат корхоналари сони ошиши, шаҳарларнинг кенгайиб бориши каби омиллар натижасида аҳолининг маиший ҳаётида шовқиннинг салбий таъсири ортиб бормоқда, — деди Қонунчилик палатаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси раиси Х.Ғаффоров. — Аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш мақсадида ишлаб чиқилган мазкур қонун лойиҳаси билан фуқароларнинг осойишталиги ва нормал дам олишини бузишга йўл қўйилмайдиган вақтлар оралиғини амалдаги етти соатдан (соат 23:00 дан 06:00 гача) саккиз соатга (соат 23:00 дан 07:00 гача), дам олиш кунлари ва қонунчилик билан белгиланган ишланмайдиган байрам кунлари эса соат 22:00 дан 09:00 гача бўлган вақт оралиғига ўзгартириш таклиф этилмоқда.

Ушбу вақт оралиғида фуқароларнинг осойишталиги ва нормал дам олишини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик чоралари кучайтириляпти.
Шунингдек, аҳоли истиқомат қиладиган кўп квартирали уйларда шовқиннинг йўл қўйиладиган даражасидан ошадиган қурилиш ва таъмирлаш ишларини иш кунлари соат 09:00 дан 18:00гача амалга ошириш мумкинлиги белгилаб қўйилмоқда.
Шовқиннинг зарарли таъсири учун компенсация тўлаш шовқиннинг зарарли таъсирининг олдини олишга қаратилган тадбирларни бажаришдан озод этмаслиги, шовқиннинг йўл қўйиладиган даражасидан юқори бўлган меҳнат шароитларидаги ишларда банд бўлган ходимларнинг меҳнати учун меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка асосан оширилган миқдорда ҳақ тўланиши белгиланмоқда. Қонун лойиҳаси фуқароларнинг руҳий ва жисмоний соғлиғини ҳимоя қилиш, экологик осойишталикни таъминлаш ҳамда шовқин манбаларини қатъий тартибга солиш учун муҳим ҳуқуқий замин яратади, — деди қўмита раиси.
Муҳокамаларда депутатлар бир қатор саволларни ўртага ташладилар. Жумладан, шовқиннинг зарарли таъсирини, организмда қандай ўзгаришларни юзага келтирганини қай тартибда аниқлаштириш мумкинлиги билан қизиқдилар. Бу борада ким экспертиза ўтказади, қандай ташхис қўйилади, деган саволлар кўтарилиб, ушбу жиҳатлар лойиҳада батафсил очиб берилмаганини таъкидладилар.
Қизғин баҳс-мунозара ва савол-жавоблардан сўнг айрим нормаларни қайта кўриб чиқиш ва такомиллаштириш зарурлиги айтилди ва шу мақсадда масъул қўмитага қайтарилди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА