Бугун атрофга қарар экансиз, фақат шиддатли қуюн намоён бўлади, гўё. Хотиржам кишини учратиш қийин. Сокинликка талпинувчилар эса маломатда. Тезкорлик – давр талаби, дейсизми? Балки. Аммо шошиб яшашда нечоғли лаззат бор?
"Шошиб, сурингандан, аста юриб отдан ўзган яхши”, дейди доно халқимиз. Дарҳақиқат, доим ҳам шошқалоқлик билан яшаш ўзини оқламайди. Бундайларнинг эса хато қилиш эҳтимоли ҳам юқори.
Ўзбекистон юрак хуружидан вафот этувчилар рейтингида учинчи ўринда турар экан. Бунга сабаб халқимизнинг арзимас ташвишлар билан доимий стрессда юриши, ҳар нарсани юракка яқин олиши бўлса керак.
–Мен сокин яшашга одатланганман. Иш фаолиятимда ҳам шошмасликка ҳаракат қиламан. Чунки ҳар қандай ишда шошиш сифатга путур етказади деб ўйлайман. Қолаверса, киши саломатлиги учун ҳам хотиржамлик муҳим аҳамиятга эга, – дейди Самарқанд шаҳар "Нурли маскан" мактаб-интернатида фаолият олиб борувчи тарбиячи педагог Зарнигор Ражабова.
Баъзида инсонларнинг бир-бирига эътибори камайиб бораётгани ҳақида суҳбатларга гувоҳ бўламиз. Айниқса, оила ва яқинларга бўлган муносабатнинг ҳам ўзгарганидан хавотирлар бот-бот қулоққа чалинади. Аслида буларнинг ҳаммасига сабаб ортиқча босим ва бениҳоя шошиб яшашдир.
Шунинг учун ҳам психологлар инсонларни хотиржам яшашга ундайди. Бу эса ҳаётдаги зиддиятларга энг яхши ечим сифатида қаралади.
Шербек Исломов,
ЎзА