Сирдарё вилояти Сайхунобод туманида ҳам қишлоқ хўжалиги, айниқса деҳқончиликнинг ҳадисини олган миришкорлар кўп. Пахтакон маҳалласида яшовчи Шоира Шаматова ана шундай ишни кўзини биладиган меҳнаткаш, ишбилармонлардан биридир.
Оддий қишлоқ аёли қишлоқ хўжалиги ва тадбиркорлик соҳасида ўз ўрнига эга. У нафақат “Олимжон қизи Шоира” фермер хўжалигини бошқаради, балки туман Савдо-саноат палатаси раҳбари сифатида ҳам самарали фаолият юритмоқда.

Қаҳрамонимизнинг бу даражага етишишида марҳум отаси Олимжон Шаматов, турмуш ўртоғи ва қайнона-қайнотасининг доимий қўллаб-қувватлови муҳим ўрин тутади. Ана шу суянч ва таянчлар, яқинларининг ишончи туфайли Шоира Шаматова “Ташаббус” ва “Ишбилармон аёл” кўрик-танловларининг вилоят босқичида ғолиб бўлди. Мамлакат босқичи совриндорига айланди.
Шоира Шаматова бошқараётган фермер хўжалигидаги 120 гектар ернинг 60 гектарига пахта, қолган қисмига буғдой экилади. 2024 йилда пахтадан 45 центнер, буғдойдан эса 80 центнер ҳосил олинган бўлса, жорий йилда буғдойдан 85–90 центнер ҳосил олинди. Шартномавий режа туманда биринчилар қаторида бажарилди. Бундан ташқари, у “Аёллар дафтари”да рўйхатда турган 4 нафар ва “Ёшлар дафтари”даги 2 нафар фуқарони иш билан таъминлаган.

Шоира Шаматова фақатгина фермерлик билан чекланиб қолмаяпти. У Халқ депутатлари туман Кенгашида фаол депутат сифатида ҳам жамоат ишларида ташаббускорлик кўрсатмоқда. Дала, рўзғор ва давлат ишини уйғун тарзда юритиш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди. Унинг бу меҳнатлари давлатимиз томонидан ҳам муносиб тақдирланди. 2024 йил 14 августда Президентимиз фармонига мувофиқ, Шоира Шаматова “Шуҳрат” медали билан тақдирланди. Бу мукофот унинг самарали меҳнати, ташаббускорлиги, замонавий билим ва тажрибаси, шунингдек, ишсизларни иш билан таъминлаш, маҳаллий иқтисодиётни ривожлантиришдаги ҳиссасига муносиб баҳо бўлди.
– Бу мукофот ҳаётимни тубдан ўзгартирди, – дейди Ш.Шаматова. – Кучимга куч, шижоатимга шижоат қўшилди. Янги марраларни кўзлаб, янада илгарилашга ҳаракат қиляпман. Далада ишлаш менга завқ бағишлайди.

Охирги бир йил ичида у туманда тадбиркорликни ривожлантириш, ишсиз ёшлар ва хотин-қизлар учун янги имкониятлар яратиш бўйича амалий ишлар олиб борди. Унинг ташаббуси билан кўплаб фуқаролар фермерлик, гулчилик, паррандачилик, кўчатчилик ва иссиқхоначилик йўналишларида фаолият бошлади.
– Аҳолимиз меҳнатсевар. Озгина қўллаб-қувватлов, тўғри маслаҳат орқали улар яхши натижаларга эриша бошлади. Президентимизнинг туманимизга ташрифи чоғида “Сайхунобод тажрибасини оммалаштириш керак” деган фикрлари ортида ҳам айнан шу жамоавий меҳнат, натижадорлик ётибди, – дейди Шоира Шаматова.
Айни кунда Сайхунобод туманида гулчилик билан шуғулланувчи тадбиркорлар сони 20 нафардан, иссиқхона фаолияти билан шуғулланувчилар 400 нафардан, томорқачилик билан шуғулланувчилар эса 2000 нафардан ошди. Шунингдек, паррандачилик, чорвачилик ҳам кенг тарқалмоқда. Шоира Шаматова ўз тажрибаси орқали иссиқхоначилик фаолиятининг фойдали эканини кўрсатмоқда. У 2023 йилда тижорат банкидан олинган 33 миллион сўм имтиёзли кредит эвазига хонадонидаги 8 сотих ерда иссиқхона қурди. Бошида бодринг, кейин эса булғор қалампири экиб яхши даромад кўрди.

– Бу фаолият менга нафақат иқтисодий даромад, балки бошқаларга ибрат бўлиш имконини ҳам берди, – дейди у. – Давлатимиз раҳбари менга ишонч билдирди. Бу ишончни оқлаш менинг фуқаролик бурчим. Мақсадим Сайхунободни ишсиз ҳудуд эмас, балки фаол ва тадбиркор туманга айлантириш. Бу тажрибамизни бутун вилоят ва республикада оммалаштиришни режалаштирганман.
Айни пайтда у иссиқхонасини ёшлар ва хотин-қизлар учун амалиёт базасига айлантириб, уларга тўғридан-тўғри маслаҳатлар бермоқда.
– Шоира Шаматова каби олийжаноб ва меҳнатсевар аёллар бор экан, туманимиз тараққиётдан тўхтамайди, – дейди Сайхунобод тумани ҳокими Комилжон Муллажонов. – Унинг ҳар бир ташаббуси ортида амалий натижа, ижтимоий масъулият, эл манфаатини кўзлаш туради. Қишлоқ хўжалигидаги тажрибаси, ишсизликка қарши ёндашуви, ўз оиласи ва жамоат учун куйиниб яшаши кўпчиликка ибрат. Биз ана шундай фидойи инсонлар тажрибасини оммалаштириб, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаймиз.
Бу самимий ва эътирофга молик фикрлар Шоира Шаматованинг фаолияти нафақат ўз оиласи ва маҳалласи, балки туман ва вилоят иқтисодиёти учун ҳам муҳим эканини яна бир бор тасдиқлайди.
Ғулом Примов,
ЎзА мухбири