
Шу кунларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида “Шижоат ва ғайрат” ҳарбий-спорт мусобақаси бўлиб ўтмоқда.
Маҳаллаларда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда уларнинг ҳарбий хизматга бўлган қизиқишини ошириш мақсадида ўтказилаётган мазкур мусобақа Мудофаа вазирлиги, Спорт вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамкорлигида ташкил этилмоқда.


Масъулларнинг таъкидлашича, бу мусобақа маҳалла ёшлари учун нафақат жисмоний тайёргарлик синови, балки ватанпарварлик, жасорат ва жамоавийлик руҳини мустаҳкамловчи катта мактабга айланмоқда.
Мусобақаларда 18-22 ёш тоифасидаги ўғил-қизлар 7 та шарт асосида ўз иқтидор ва жисмоний тайёргарликларини синовдан ўтказмоқда. Энг кучли ва шижоатли жамоалар кейинги босқичга йўлланмани қўлга киритади.
1 апрелгача маҳалла босқичи бўлиб ўтди. Эндиликда 30 апрелгача туман (шаҳар) босқичлари ўтказилмоқда. 20 майгача ҳудудий босқичлар ҳамда 20-30 июнь оралиғида республика финал босқичларига старт берилади. Ҳар бир босқичнинг ғолиблари диплом, эсдалик совғалари ва пул мукофотлари билан рағбатлантирилмоқда.


Шунингдек, Республика финал босқичида энг юқори натижага эришган жамоа аъзоларига олий ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган олий таълим муассасаларига кириш учун тавсияномалар берилади. Шунингдек, ғолиб жамоаларнинг маҳаллаларига спорт иншоотлари қуриб берилади.
Хусусан, 1-ўрин учун "Универсал" спорт майдончаси, 2-ўрин учун стрит воркоут майдончаси ҳамда 3-ўрин воркоут майдончаси қуриб берилиши режалаштирилган.
Гулноза Бобоева, ЎзА