Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида шахмат бўйича 8-18 ёшгача бўлган ўғил ва қиз болалар ўртасида ўтказилаётган Ғарбий Осиё чемпионатининг рапид йўналишидаги мусобақалар ўз якунига етиб, стандарт ўйинлар давом этмоқда.
13 та давлатнинг 400 нафардан зиёд ёш шахматчилари иштирок этаётган рапид баҳсларининг жамоавий йўналишида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари муносиб натижаларга эришди.

Ҳар бир жамоа таркиби 3 нафар шахматчидан иборат ёш тоифасидаги баҳсларда мамлакатимиз вакиллари 3 та олтин, 6 та кумуш ва 3 та бронза медалларини қўлга киритди. Ўзбекистон терма жамоасининг 12 ёшли қизлар ҳамда 16 ва 18 ёшли ўғил болалар жамоалари олтин медаль соҳиби бўлди.

Бугун кун давомида 6 та ўғил, 6 та қиз болалар ёш тоифалари ўртасидаги мусобақаларнинг стандарт йўналишида ўтадиган 6-тур ўйинларида мамлакатимизнинг 80 нафардан ортиқ умидли ёшлари дона суради.

Ортда қолган 5-тур баҳсларидан кейин юртдошларимиздан 8 ёшли ўғил болалар орасида 5 очко билан Фазлиддин Фарҳодов 1-ўринда, 14 ёшлилар орасида Темур Шавкатов 3,5 очко билан 3-ўринда, 16 ёшлилар орасида Муҳаммадсолиҳ Раҳматуллаев 3,5 очко билан 3-ўринда, 18 ёшлилар орасида Беҳруз Умаров ва Акобирхон Сайдуллаев 4 очко билан 2 ва 3-ўринларда ҳамда 10 ёшли қизлар орасида Ҳуснорахон Хусниддинова 4 очко билан 3-поғонада бормоқда.


Ғарбий Осиё чемпионатининг 9 та турдан иборат бўлган стандарт мусобақалари 28 апрелга қадар давом этади.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА