Албаниянинг Дуррес шаҳрида шахмат бўйича 14, 16 ва 18 ёшгача ўғил ва қиз болалар ўртасида ўтаётган жаҳон чемпионатининг якунланишига бир тур қолганда ҳамюртимиз Афруза Ҳамдамова 18 ёшгача бўлган шахматчи қизлар орасида баҳсларни мағлубиятсиз давом эттираётган ягона иштирокчи бўлиб турибди.
Ортда қолган 9-тур баҳсида Афруза Ҳамдамова қора доналарда грециялик Александри Димитрани мағлубиятга учратиб, 7 очко билан ғолиблик йўлидаги ҳаракатини давом эттирмоқда.

Ушбу ёш тоифасида етакчилик қилаётган хитойлик Музиян Гао ҳисобида 7,5 очко мавжуд.
Бугун, 14 октябрь куни мусобақанинг 10-тур ўйинлари ташкил этилади. Унда Ҳамдамова оқ доналарда ФИДЕ байроғи остида баҳсларда қатнашаётган Ольга Кармановага қарши дона суради. Хитойлик шахматчи эса Юлия Лявонова(ФИДЕ) билан куч синашади.

Айтиш лозимки, 18 ёшгача бўлган қизлар мусобақасининг 4-турида Афруза Ҳамдамова айнан Музиян Гаони таслим этганди.
83 та давлатнинг 717 нафар ёш шахматчилари қатнашаётган чемпионатда 18 ёшгача бўлган қизлар баҳсида терма жамоамиз аъзоларидан Гулдона Каримова 6,5 очко билан 5, Васила Абдужабборова 5 очко билан 28, Зилола Актамова 5 очко билан 33-ўринда бормоқда.

Жаҳон чемпионатининг 16 ёшгача бўлган қизлар мусобақасида қатнашаётган ҳамюртимиз Нилуфархон Имомқўзиева 6 очко билан 55 нафар иштирокчи орасида 13-ўринда, 16 ёшгача бўлган ўғил болалар баҳсида Асроржон Омонов 6 очкога эга бўлган ҳолда 10-ўринни банд этган.
Эслатиб ўтамиз, жаҳон чемпионатининг сўнги 11-тур ўйинлари эртага, 15 октябрь куни ташкил этилади.
Т. Рўзиев, ЎзА