Бугун, 21 апрель куни Германияда давом этаётган “Grenke Freestyle Chess Open” халқаро турнирининг сўнгги 8 ва 9-тур ўйинлари бўлиб ўтади.
Ортда қолган 7 та тур ўйинлари сарҳисобига биноан норвегиялик Магнус Карлсен 7 очко билан пешқадамлик қилмоқда. Уни тақиб этаётган озарбайжонлик Рауф Мамедов ва россиялик Андрей Есипенко ҳисобида 6 очко бор.

Кеча ўтган 6 ва 7-тур ўйинлари ҳамюртимиз Жавоҳир Синдоров учун муваффақиятли кечди. 6-турда оқ доналарда польшалик Масье Клековскини, 7-турда қора доналарда ҳиндистонлик гроссмейстер Арян Чопрани мағлубиятга учратди ва очколари сонини 5,5 тага етказди. Ушбу кўрсаткич Синдоровга қўшимча кўрсаткичларга кўра, 5-ўринга кўтарилиб олиш имконини берди. Бугун мукофот жамғармаси 225 000 евродан иборат турнирнинг 8-турида Жавоҳир Синдоров оқ доналарда германиялик Фредерик Свейнга рўбарў келади.
Халқаро турнирнинг 8-турдаги марказий баҳси ғолибликка асосий даъвогар Магнус Карлсен ва озарбайжонлик Рауф Мамедов ўртасида бўлиб ўтади. Айтиш лозим, 8-тур ўйинлари олдидан 1 нафар шахматчи 7, 2 нафари 6, 14 нафари 5,5 очкога эга бўлиб турибди.

Эслатиб ўтамиз, “Grenke Freestyle Chess Open” турнирида ғолибликка эришган шахматчи 60 000 евро билан бирга жорий йилнинг 15-19 июль кунлари АҚШнинг Лас-Вегас шаҳрида ўтадиган “Freestyle Chess” турнирида қатнашиш ҳуқуқига эга чиқади. Германия турнирида 2-ўринни эгаллаган шахматчи 40 минг, 3-ўрин соҳиби 30 минг еврони қўлга киритади. Мусобақани кучли ўнталикда якунлаган иштирокчи 3 минг евро билан тақдирланади.

Т.Рўзиев, ЎзА