
Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида эркаклар ва аёллар ўртасида ФИДЕнинг 34-минтақавий Осиё чемпионати баҳслари давом этмоқда.
Ортда қолган 5-тур ўйинларидан сўнг эркаклар ўртасидаги мусобақаларда қозоғистонлик Алдияр Ансат 5 очко билан етакчилик қилмоқда. 2-ўринга даъвогарлик қилаётган 4 нафар шахматчи ҳисобида 4 очко мавжуд.
Ҳамюртимиз Муҳиддин Мадаминов 3,5 очко билан қўшимча кўрсаткичларга кўра, 6-ўринда бормоқда.

Қитъа чемпионатининг аёллар мусобақасида терма жамоамиз аъзоси Афрўза Ҳамдамова 5 очко билан якка пешқадамга айланиб олди. Уни тақиб этаётган 4 нафар иштирокчи 4 очкога эга вазиятда яна бир шахматчи қизимиз Умида Омонова 3,5 очко билан қўшимча кўрсаткичлар эвазига 6-поғонани банд этган.
Бугун чемпионатнинг 6-тур баҳсида Муҳиддин Мадаминов 2-ўринни эгаллаб турган қозоғистонлик Аристанбек Уразаев билан куч синашади.
Аёллар мусобақасида юз фоизлик имконият билан ғалаба сари ишонч билан одимлаётган Ҳамдамова 6-турда қора доналарда Қозоғистон вакили Ксения Балабаевага қарши дона суради. Умида Омонова эса қора доналарда яна бир қозоғистонлик шахматчи қиз Лия Курмангалиева билан рўбарў келади.

Эслатиб ўтамиз, мукофот жамғармаси 20 минг АҚШ долларидан иборат чемпионат баҳсларида Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Афғонистон жамоаларининг 100 нафардан ортиқ вакиллари ғолиблик учун кураш олиб бормоқда.
9 та турдан иборат ўйинлар 11 апрелга қадар давом этади.
Т.Рўзиев, ЎзА