Шахмат: Георгий Агзамов хотира турнири бошланди
Бугун, 17 март куни пойтахтимизда ўзбекистонлик биринчи гроссмейстер Георгий Агзамов хотирасига бағишланган халқаро турнирнинг 1-тур баҳслари бўлиб ўтади.
Мукофот жамғармаси 80 минг АҚШ долларидан иборат халқаро турнирнинг “А” гуруҳида 19 та давлатнинг 123 нафар, “Б” гуруҳида 10 та давлатнинг 229 нафар “ақл гимнастикаси” вакиллари қатнашмоқда.

Халқаро турнир низомига мувофиқ, “А” гуруҳида ФИДЕ рейтингида 2200 ва ундан юқорилар, “Б” гуруҳида рейтинг кўрсаткичи 2199 гача бўлганлар иштирок этмоқда.
Турнирнинг “А” гуруҳида арманистонлик Халк Мартиросян биринчи рақамли иштирокчи сифатида таснифланган. Ўзбекистонлик шахматчилардан Абдумалик Абдусалимов, Ҳумоюн Бегмуратов, Ортиқ Ниғматов, Муҳаммадзоҳид Суяров каби 40 нафар иштирокчи мазкур гуруҳда ғолибликка даъвогарлик қилса, “Б” гуруҳида хитойлик Бо Ли биринчи тартиб рақамда келтирилган.
Бугун ўтадиган 1-тур баҳсларида ҳамюртларимиздан Абдумалик Абдусалимов ва Ҳумоюн Бегмуратов оқ доналарда қозоғистонлик Элнур Амангелди ва Алдияр Зхауюнбай билан, Ортиқ Ниғматов қора доналарда ҳамюртимиз Акобирхон Саидалиев билан, Муҳаммадзоҳид Суяров оқ доналарда россиялик Михаил Панин билан куч синашади.
Турнирда биринчи рақамда таснифланган арманистонлик Халк Мартиросян илк баҳсда қора доналарда қозоғистонлик Жаҳонгир Бижигитов қаршилигини енгишга ҳаракат қилади.
Эслатиб ўтамиз, 10 та турдан иборат халқаро турнир мусобақалари 27 мартга қадар давом этади.
Т.Рўзиев,
ЎзА