Грузиянинг Батуми шаҳрида шахмат бўйича аёллар ўртасида ўтаётган “Жаҳон кубоги-2025” мусобақасининг 1-тур ўйинлари якунланди.
47 та мамлакатнинг 107 нафар энг кучли аёл гроссмейстерлари иштирок этаётган нуфузли турнирда терма жамоамиз аъзоси Умида Омонова 1-гуруҳда франциялик Софи Миллиет билан куч синашди ва 1-турнинг иккала партиясида ҳам дурангга эришди.

Турнирнинг 3-гуруҳида дона сураётган Афруза Ҳамдамова қора доналарда перулик Фиорелла Контрерасни доғда қолдирган бўлса, 7-гуруҳда қатнашаётган Гулруҳбегим Тоҳиржонова оқ доналарда кубалик Миранда Льянес Ерисбелни мағлуб этди.

Бугун, 8 июль куни гуруҳларда дурангга эришган шахматчилар ҳал қилувчи баҳсларни ўтказишади. 9 июль куни “Жаҳон кубоги-2025”нинг 2-тур ўйинлари ташкил этилади.

Унда Афруза Ҳамдамова тезкор шахмат бўйича жаҳон чемпиони ҳиндистонлик Хампи Конеру билан, Гулруҳбегим Тоҳиржонова дунёнинг энг кучли беш нафар ёш шахматчи аёлларидан бири, хитойлик Лу Мяойими билан баҳслашади.
Мукофот жамғармаси 676 минг 250 АҚШ долларидан иборат “Жаҳон кубоги-2025” мусобақалари 28 июлга қадар давом этади.
Т.Рўзиев,
ЎзА