Хўжалик юритувчи субъектлар томонидан шартномалар тузишда қўллаш учун тавсиявий характерга эга бўлган коррупцияга қарши қўшимча шартлар тасдиқланди.
Бу Президентимизнинг 2021 йил 14 cентябрдаги “Шартномавий муносабатларни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинган Адлия вазирлиги, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Савдо-саноат палатасининг қўшма қарорида акс этди.
Мазкур қўшимча шартлардан жисмоний ва юридик шахслар ўзаро шартнома тузаётганида фойдаланиши мумкин ва улардан фойдаланиш мажбурий ҳисобланмайди.
Коррупцияга қарши қўшимча шартлар халқаро ташкилотлар, жумладан, Халқаро савдо палатасининг намунавий қоидалари асосида ишлаб чиқилган. Бу қоидалар шартномавий муносабатларда коррупциявий омилларни минималлаштириш учун шартнома тарафларига қўлланма сифатида хизмат қилади.
Қўшимча шартлар нималардан иборат?
Тарафлар шартнома тузиш, шартноманинг амал қилиш муддатида ва ушбу муддат тугаганидан сўнг шартнома билан боғлиқ коррупциявий ҳаракатларни содир қилмасликка келишиб олади.
Тарафлар шартномадаги коррупцияга қарши қўшимча шартларда белгиланган коррупциянинг олдини олиш чораларини тан олади ва уларга риоя этилиши бўйича ҳамкорликни таъминлайди.
Ҳар бир тараф шартнома тузилган пайтда бевосита ўзи ёки унинг ижроия органлари, мансабдор шахслари ва ходимлари томонидан шартнома билан боғлиқ муносабатлар юзасидан қонунга хилоф равишда пул, моддий қийматликлар берилмагани, шартнома тузилиши эвазига норасмий пул ёки бошқа моддий қийматликлар олинишига йўл қўйилмагани, таклиф этилмагани, уларни беришга ваъда қилинмагани, шунингдек, моддий ёки ҳар қандай турдаги имтиёз, устунликлар олинмаганини (келажакда бу турдаги ҳаракатларни амалга ошириши мумкинлиги ҳақида таассурот қолдирилмаганини) кафолатлайди.
Тарафлар, улар томонидан шартнома доирасида жалб қилинган шахсларнинг (ёрдамчи пудратчи ташкилотлар, агентлар ва тарафлар назорати остидаги бошқа шахслар) юқоридаги ҳаракатларни содир этмаслиги юзасидан оқилона чоралар кўради.
Тарафлар давлат хизматчилари, сиёсий партиялар, шунингдек, ўзининг ижроия органлари, мансабдор шахслари ва ходимлари томонидан ҳар қандай вақт ва шаклда ҳаракатларни бевосита ёки билвосита (шу жумладан, учинчи шахслар орқали) содир этилишига йўл қўймайди. Жумладан, назорат қилувчи органлардан лицензия ва рухсатномалар олиш, солиқ солиш, божхона расмийлаштирувини амалга ошириш, судда иш кўрилиши, қонунчилик жараёни ва бошқа соҳаларда қонунга хилоф равишда тижорат ёки бошқа тусдаги устунликка эга бўлиш ёки сақлаб қолиш мақсадида қайд этилган шахслар фойдасига ёки улар томонидан моддий ёки номоддий наф олишнинг таклиф этилиши, ваъда қилиниши, берилишига йўл қўймайди.
Қонунга хилоф равишда олинган даромадларнинг легаллаштирилишига, шунингдек, агар мулк жиноий фаолиятдан олинган даромад эканлиги тарафларга маълум бўлса, уни ўтказиш, мулкка айлантириш ёҳуд алмаштириш йўли билан унинг келиб чиқишига қонуний тус бериш, бундай пул маблағлари ёки бошқа мол-мулкнинг асл хусусияти, манбаи, турган жойини, тасарруф этиш, кўчириш усулини, пул маблағларига ёки бошқа мол-мулкка бўлган ҳақиқий эгалик ҳуқуқларини ёки унинг кимга қарашлилигини яширишга йўл қўймайди.
Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик содир қилиш учун таъмагирлик қилиш, ундаш, тазйиқ ўтказиш ёки таҳдид қилиш ҳолати бўйича бир тараф иккинчи тарафни ҳамда ваколатли давлат органларини дарҳол хабардор қилиши шарт.
Тарафлар товарлар, хизмат ва ишларни реализация қилиш ва ўтказиш, битимлар тузиш бўйича музокаралар олиб бориш, лицензия, рухсатномалар ва бошқа рухсат этиш хусусиятига эга бўлган ҳужжатларни олишда ёки уларнинг манфаатларини кўзлаб бошқа ҳаракатларни амалга оширувчи тарафларнинг назорати остида бўлган ва улар номидан ҳаракат қиладиган шахсларга (шу жумладан, ёрдамчи пудратчилар, агентлар, савдо вакиллари, дистрибьютерлар, ҳуқуқшунослар, ҳисобчилар, улар номидан ҳаракат қилувчи бошқа вакиллар) нисбатан қуйидаги ҳаракатларни амалга ошириши шарт: коррупциявий ҳаракатларга йўл қўйиб бўлмаслиги ва коррупциявий
ҳаракатларга нисбатан муросасиз муносабатда бўлиши шартлиги ҳақида кўрсатмалар ва тушунтиришлар бериш; улардан коррупциявий ҳаракатларни амалга ошириш учун воситачи сифатида фойдаланмаслик; уларни фақат тарафнинг оддий кундалик фаолияти жараёнидаги ишлаб чиқариш зарурати доирасидан келиб чиқиб ишга жалб қилиш; уларга қонунчилик доирасида амалга оширган хизматлари учун белгиланган ҳақ миқдоридан асоссиз равишда ортиқча тўловларни амалга оширмаслик.
Тарафлар уларнинг назорати остида бўлган ва улар номидан ҳаракат қиладиган шахслар томонидан коррупцияга қарши қўшимча шартларда белгиланган мажбуриятлар бузилганлиги ҳолатлари ҳақида хабар берилганлиги учун уларга тазйиқ ўтказилмаслигини кафолатлайди.
Агар бир тарафга бошқа тарафнинг коррупцияга қарши қўшимча шартларнинг 4 ва 5-бандида белгиланган мажбуриятларнинг бузилишига йўл қўйганлиги маълум бўлиб қолса, иккинчи тарафни бу ҳақда зудлик билан хабардор қилиши ва тегишли чоралар кўрилиши ва амалга оширилган ишлар юзасидан хабардор қилишни талаб қилиши шарт.
Тарафнинг талаби бўйича тегишли чоралар кўрилмаган ёки кўриб чиқиш натижалари ҳақида хабардор қилмаган тақдирда, ушбу тараф шартномани бир тарафлама тўхтатиб туриш, бекор қилиш ҳамда зарарни тўлиқ қоплаб беришни талаб қилишга ҳақли.
Н.Абдураимова, ЎзА