Буюк Ипак йўли қадимда Шарқ ва Ғарбни боғлаб турувчи савдо йўли бўлиб, маданий алоқалар ва мусиқий мероснинг ривожланишида муҳим аҳамият касб этган.
Ушбу ҳудудда мусиқий анъаналар турли халқлар ва маданиятлар ўртасида алмашинув жараёнида шаклланган. Шарқнинг анъанавий мусиқаси, масалан, мақомлар, Ғарб мусиқаси билан бирлашиб, янги мусиқий йўналишлар ва услубларни яратишга ёрдам берган. Буюк Ипак йўли давлатларида мусиқий мерос нафақат маданий бойлик сифатида, балки халқлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш воситаси сифатида ҳам аҳамиятга эга.

Буюк Ипак йўли, Шарқ ва Ғарб маданиятларининг улкан мусиқий анъаналари билан уйғунлашган ҳудуд сифатида тарих давомида маданий алоқаларни мустаҳкамлашда катта аҳамият касб этган. Ушбу ҳудудда ривожланган мусиқий мерос инсоният маданияти бойлигини акс эттиради.
Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институтида “Мақом хонандалиги” кафедраси томонидан “Буюк ипак йўли давлатларида анъанавий мусиқа: Шарқ ва Ғарб маданий алоқалари” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференцияси ўтказилди.
Унда Шарқ ва Ғарб анъанавий мусиқасининг умумий ва ўзига хос жиҳатлари, мусиқий жанрлар ва услубларнинг уйғунлашув жараёни, маданиятлараро алоқалар натижасида пайдо бўлган мусиқий янгиликлар ва уларнинг халқ анъаналари билан ўзаро боғлиқлиги, мусиқий анъаналар ўзаро таъсирини кучайтирган омиллар, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари атрофлича муҳокама этилди.

Анжуманда “Буюк ипак йўли давлатларида анъанавий мусиқа анъаналар ва жанрлар трансформацияси”, “Шарқ ва Ғарб халқлари мусиқа маданиятининг ўзаро интеграцияси”, “Маданиятлараро ҳамкорлик натижасида шаклланган мусиқий инновацион тенденцияларнинг халқ анъаналари билан ўзаро боғлиқлиги” каби шўъбаларда иш олиб борилди.
Шунингдек, халқаро илмий-амалий анжуман доирасида ижрочилик мактабларининг йирик намояндалари томонидан маҳорат дарслари ўтказилди. Иштирокчилар ўзбек, рус ва инглиз тилларида маъруза қилди. Ушбу халқаро илмий-амалий конференцияда 60 дан ортиқ турдош олий таълим даргоҳи ҳамда халқаро экспертлар иштирок этди.
Бу каби анжуманлар халқаро миқёсда маданиятлараро мулоқотни мустаҳкамлаш, мусиқий меросни сақлаш ва тарғиб қилишда муҳимдир. Конференция мусиқий анъаналар ва ижодий тажрибаларни ўрганиш орқали янги истиқболлар очиб, маданий алоқаларни чуқурлаштиришга хизмат қилади.
Н.Усмонова, ЎзА