Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида янги китоб
Атоқли шоира Шарифа Салимованинг “Қабоҳат салтанати ёхуд қор қўйнида лолалар” номли шеърий романи йигирманчи асрнинг 30 йилларидаги бешафқат қатаған гирдобларида увол кетган жадид аёлларимиз ҳақида. Муаллиф асарда ҳур фикрли миллатдошларимизнинг аччиқ қисмати, бўғзида қотган унсиз фарёди, мислсиз азоб-уқубатлари ва уларнинг синмаган иродасини бадиий бўёқларда акс эттиради. Асар китобхонни ҳушёр торттириб, яқин ўтмишдаги оғриқли кунлар сари етаклайди. Беихтиёр қатағон замони билан истиқлолимизнинг бугунги озод, ҳур даврини таққослай бошлайсиз. Инсон умри, тириклик қадри бебаҳолигини ҳис қаласиз.
Муаллиф ушбу китобида ўсиб келаётган келажак авлод кўз ўнгида зулм занжирларини парчалаб ташлаган Ватан сиймосини ниҳоятда жонли тарзда гавдалантиради. Китобдан бир лавҳа:
– Ота, отажоним, тушим рост чиқди,
Темир иморатлар қулади ёмон.
Сиз билган жамалак сочли қизалоқ,
Энди ошиқади ўлими томон.
Мен рози бўлинг, жуда тез кунда,
Аллоҳ ҳузурига йўл оламан жим.
Мактуб ёзолмадим (барибир етмас)
Мажақлаб ташланган ўнта бармоғим.
Ифлос ҳужжатларга қўймадим имзо,
Сизнинг олдингизда менинг юзим оқ.
Дунёда сиздайин падар бормикан,
Қизин жонидан ҳам кўрган яхшироқ.
Онам каби она бормикан, айтинг,
Жонини поёндоз қилган изига.
Сизларни соғиндим, энди қўрқмайман,
Тикка боқиб тургум ўлим кўзига.
Бугун сўнгги сўроқ. Сўнгги умидим,
Хаёл қанотида етиб борса бас.
Мени дуо қилинг, ота, отажон,
Дуо ила кетай энг сўнгги нафас.
Дуо ила кетай энг сўнгги нафас...
“XX асрнинг 20-30 йилларида сиёсий зулмлар қурбони бўлган миллатпарвар хотин-қизлар қисмати ва инсоний сиймолари ҳақида гапирар экан, муаллиф – шоиранинг юраги қандай чидади экан замонлар кечиб бу машъум воқеаларни қайта тирилтиришга?!” деб ёзади Ўзбекистон Қаҳрамони, адабиётшунос Иброҳим Ғафуров асар муаллифи ҳақида.
Асарни албатта, ўқинг. Қабҳот ортидаги нур қалбингизга инаётганини ҳис қиласиз...
ЎзА