Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз тумани Мевазор маҳалласида амалга оширилган ободонлаштириш, бунёдкорлик ишларидан аҳоли жуда мамнун. Асфальтланган ва тунги ёритиш чироқлари ўрнатилган кенг ва равон кўчалар кўрган кўзни қувнатади. Эски спорт зали янгиланиб, ёшларнинг севимли масканига айланди. Пиёдалар учун қулай йўлакчалар барпо этилди.
– Маҳалладаги барча объектлар замонавий талабларга мос қурилди, – дейди “Мевазор” МФЙ раиси Санжар Абдуаҳатов. – Ушбу янгиланишлар нафақат турмуш тарзини яхшилади, балки маҳалла аҳолиси бандлигини таъминлашда ҳам муҳим аҳамият касб этди. Янги ташкил этилган цехлар, ҳунармандчилик марказлари ва хизматлар уйи орқали 200 дан зиёд янги иш ўрни яратилди.
Мевазорликлар асосан чорвачилик билан шуғулланади. Ҳар бир хонадон ўзининг чорвасига эга. Сут ва гўшт маҳсулотлари маҳаллада бошқа соҳалар қаторида аҳолининг даромад манбаига айланган. Сут йиғиш шохобчасининг ташкил этилиши аҳолига қўшимча имкониятлар яратди. Энди сутни арзон сотиш эмас, сифатли сақлаб, қимматроқ сотиш имкони пайдо бўлди. Маҳаллада узумчилик йўналиши ҳам синов тариқасида жонлантирилди. Кўчалар бўйлаб водий тажрибаси асосида ток кўчатлари экилди.
[gallery-24511]
Маҳаллада таълим соҳасида ҳам катта ютуқлар бор. 45-сонли умумтаълим мактаби, мусиқа мактаби, мактабгача таълим ташкилотлари маҳалла ҳаётининг руҳи ва дилига айланди. Янгидан барпо этилган маҳалла гузари эса одамларнинг дам олиш масканига айланди.
– Мевазор мафтункор табиати билан шаҳарча қиёфасини олиб, аҳоли учун қулай ва осойишта ҳаётни таъминламоқда, – дейди Дилором Эшмуродова. – Бу ерда қишлоқ ва шаҳарнинг имкониятлари уйғунлашганини кўриш мумкин.
Маҳалла марказида янги қурилган бинода эса турли касб-ҳунарга ўргатиш, IT ва хорижий тиллар марказлари, стоматология хизматлари, фитнес клуб ва миллий таомлар тайёрлаш марказлари фаолият юритмоқда.
Тадбиркорлик соҳаси ҳам Мевазорнинг таркибий қисмига айланди. Тикувчилик, савдо, хизмат кўрсатиш, фермерлик ва бошқа соҳалардаги субъектлар маҳалла ривожига хизмат қилмоқда.
Ҳақиқатан ҳам Мевазор маҳалласи замонавийлик ва меҳнаткашлик сингдирилган маконга айланди. Ушбу маҳалла нафақат яшаш жойи, балки умидлар уйғониши, истиқболга қараб илғор қадамлар ташлаш маконидир.
Ўлмас Баротов,
Жамшид Норқобилов (сурат),
ЎзА мухбирлари