Ўзбекистон илмий синов ва сифат назорати маркази давлат муассасаси Самарқанд филиали томонидан вилоятда фаолият юритаётган корхона-ташкилотларда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг синов ва сертификатлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳамда соҳадаги ислоҳотларга бағишланган пресс-тур ташкил этилди.
Оммавий ахборот воситалари вакиллари “Ургут” эркин иқтисодий зонасида фаолият юритаётган корхоналар ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишиб, маҳсулотларни синовдан ўтказиш, сертификатлаш борасидаги ислоҳотларнинг моҳияти, уларнинг тадбиркорларга яратаётган имкониятлари билан яқиндан танишди.
– Марказимиз бугунги кунда сертификатлаштириш йўналишида озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги, енгил саноат, электротехника, машинасозлик, полимер маҳсулотларига мувофиқлик сертификатларини бериш бўйича хизмат кўрсатиб келмоқда, – дейди Ўзбекистон илмий синов ва сифат назорати маркази давлат муассасаси Самарқанд филиали раҳбари Камолиддин Муродов. – Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида вилоятимизда фаолият юритаётган корхоналар томонидан ишлаб чиқарилаётган 330 дан ортиқ маҳсулот учун мувофиқлик сертификатлари берилди. Кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш мақсадида давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорига асосан жорий йилда филиалимизнинг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари синов лабораториясида модернизация ишлари амалга оширилди. Жаҳон банкининг 1 миллион долларлик имтиёзли кредити асосида дунёнинг етакчи мамлакатларида ишлаб чиқарилган энг замонавий синов асбоб-ускуналари олиб келинди. Натижада маҳсулотлар синов жараёнлари халқаро талаблар даражасига етказилиб, корхона-ташкилотларнинг экспорт географияси кенгайишига эришилмоқда. Келгусида фаолиятимизни кенгайтириб, янги синов ва сифат назоратини амалга ошириш хизматларини жорий этган ҳолда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга мувофиқлик сертификатларини расмийлаштиришда янада қулайликлар яратиб, мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилишни мақсад қилганмиз.
Шунингдек, тадбиркорлар, ишлаб чиқарувчилар билан корхонабай ишлаш тизими йўлга қўйилиб, ҳудудларга ходимлар бириктирилган ҳолда соҳадаги янгиликлар, қарор ва фармонлар асосида берилаётган имконият ва имтиёзлар батафсил тушунтириб борилмоқда.
Пресс-тур қатнашчилари “IDEAL ELECTROLUX” қўшма корхонаси ҳамда “YEC gilam” масъулияти чекланган жамиятида бўлиб, ишлаб чиқариш жараёнларини бевосита кузатишди.
Айни пайтда 200 нафар ишчи меҳнат қилаётган “IDEAL ELECTROLUX” қўшма корхонасида кунига 400 та газ плита, 1000 та электр печ ва бошқа маиший техника ишлаб чиқарилмоқда. Белгиланган сифат сертификатларига эга маҳсулотлар ички бозордан ташқари, қўшни давлатлар, шунингдек, Россия ва Озарбайжонга экспорт қилинмоқда.
“YEC gilam” масъулияти чекланган жамиятида ҳам ҳозирда 200 нафар ишчи меҳнат қилмоқда. Корхонада ишлаб чиқарилаётган гилам ва гилам маҳсулотлари ташқи бозорда ҳам ўз ўрнини топиб бормоқда.
– Маҳсулотларни синов ва сифат назоратидан ўтказиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ишлаб чиқарувчиларга кенг имкониятлар очмоқда, – дейди “YEC gilam” масъулияти чекланган жамияти раҳбари ўринбосари Ёқубжон Ҳамроев. – Ўз фаолиятимиздан мисол келтирадиган бўлсам, авваллари ишлаб чиқариш учун олиб келинадиган хомашёни ҳам сифат назоратидан ўтказардик. Маҳсулот ишлаб чиқарилгандан сўнг яна синовдан ўтказиш талаб этиларди. Кейинги ислоҳотлар натижасида хомашёни сифат назоратидан ўтказиш талаби бекор бўлди. Бу ҳам ишлаб чиқариш жараёнини бир мунча тезлаштириш, маҳсулот таннархини пасайтириш ва энг муҳими, экспорт ҳажмининг ортишига хизмат қилмоқда. Айни пайтда маҳсулотларимиз 20 дан ортиқ давлатга экспорт қилинмоқда. Жорий йилда корхонамиз экспорт географияси БАА ва Япония давлатлари ҳисобига кенгайди. Жорий йил якунига қадар “YEC gilam” гиламлари АҚШга ҳам етиб боради. Айни пайтда ушбу давлатга экспортни амалга ошириш бўйича ишлаяпмиз.
[gallery-3941]
Пресс-тур давомида ОАВ вакилларидан синов ва сифат назоратини амалга ошириш борасидаги ўзларини қизиқтирган саволларига соҳа вакиллари ҳамда ишлаб чиқарувчилардан батафсил жавоб олишди.
Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА