Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сенатор билим ва инновациялар қишлоқ хўжалигига қандай татбиқ этилаётганини ўрганди

Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси Анвар Тўйчиев Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказига ташриф буюрди.

Марказда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, илмий-тадқиқот институтларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда соҳага илм-фан ютуқларини жорий этиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолати ўрганилди.  

Ўрганиш жараёнида мазкур соҳага оид ҳукуматга юборилган парламент сўрови ижросининг ҳолати, бажарилган ишлар ва эришилган натижалар таҳлил қилинди.  

Хусусан, Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази тизимига кирувчи 13 илмий-тадқиқот институти фаолияти трансформация қилиниб, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган янги илмий йўналишлар – “янги драйвер”лар ташкил этилган.  

Жумладан, Жанубий деҳқончилик илмий-тадқиқот институтида қишлоқ хўжалигини иқлим ўзгариши оқибатларига мослаштиришга ихтисослашган халқаро илмий марказ фаолияти йўлга қўйилган.

Шунингдек, илмий-тадқиқот институтлари томонидан 14 хорижий илмий муассаса ва ташкилотлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилиб, 30 шартнома ва меморандум имзоланган. Натижада умумий қиймати 78 миллиард сўмлик халқаро грант лойиҳалари амалга оширилган.

Тупроқни муҳофаза қилиш, замонавий суғориш технологияларини жорий этиш ва ерларни лазерли текислаш бўйича илмий-методик асослар ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилмоқда.  

Шунингдек, тупроқ таркибидаги фойдали микроорганизмлар фаоллигини ошириш, сув ва озуқа режимини яхшилаш мақсадида “Biochar” ва “Jivamrut” каби табиий биоўғитлардан фойдаланиш амалиёти йўлга қўйилган.

Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институтида эса замонавий биотехнологик ва молекуляр-генетик таҳлилларни амалга оширишга ихтисослашган “Ғўза биотехнологияси” лабораторияси ташкил этилган.  

Бундан ташқари, марказда Венгрия давлати билан ҳамкорликда замонавий асбоб-ускуна ва жиҳозлар билан таъминланган “In-vitro” лабораторияси фаолият олиб бормоқда.  

Ўрганиш давомида соҳа мутахассислари ва олимлар билан соҳадаги мавжуд муаммолар, уларни бартараф этиш ҳамда ислоҳотларни изчил давом эттириш, амалий натижадорликни янада оширишга алоҳида эътибор қаратилиб, келгусида режалаштирилаётган ишлар юзасидан фикр алмашилди.  

Н.Абдураимова, ЎзА