
Олий Мажлис Сенати кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Сенат Раиси Танзила Норбоева олиб борган мажлисда таъкидланганидек, ялпи мажлис видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланган ҳолда ўтказилади. Унда қатор масалаларни муҳокама қилиш назарда тутилган.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши мажлисида белгилаб берилган устувор йўналишлардан келиб чиқиб, Сенат ҳамда халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари олдида турган вазифалар кўриб чиқилади.
Шунингдек, Сув кодексини тасдиқлаш, қишлоқ хўжалиги таваккалчиликларини суғурта қилиш, кредиторларнинг гаров билан таъминланган талабларини қаноатлантириш тизимини янада такомиллаштиришга оид муҳим қонунлар муҳокама қилинади.
Сенаторлар томонидан заргарлик саноатини янада ривожлантириш ва йўлларда ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлашга ҳамда жамоат транспортидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга қаратилган қонунлар ҳам кўриб чиқилади.
Бундан ташқари, ялпи мажлисда судлар фаолиятининг ҳамда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатларини кучайтиришга, қамоққа олинганларга нисбатан қийноққа солиш ҳолларининг олдини олишга қаратилган қонунларни ҳам муҳокама қилиш режалаштирилмоқда. Ялпи мажлис кун тартиби доирасида Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (Омбудсман)нинг, Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани)нинг 2024 йилдаги фаолияти бўйича ҳисоботларини эшитиш режалаштирилган.
Шунингдек, бир қатор халқаро шартномаларни ратификация қилиш, ўзини ўзи банд қилиш тартибида меҳнат фаолиятини амалга оширишнинг айрим масалалари юзасидан ҳукуматга юборилган парламент сўрови натижалари тўғрисидаги масалалар ҳам мажлис кун тартибидан ўрин олган.
Ялпи мажлисда кўриладиган масалалар мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг бош мезони – инсон қадри ҳамда мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларнинг ҳуқуқий-меъёрий асосларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Мажлисда Сенатнинг бешинчи ялпи мажлисини 2025 йил 17 март куни чақириш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Н.Абдураимова, ЎзА