Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасида муҳим масалалар кўриб чиқилди

Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлисида Бола ҳуқуқлари бўйича вакил (Болалар омбудсмани)нинг бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликка давлат органлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан риоя этилиши ҳолати ҳақидаги маърузаси кўриб чиқилди.

2025 йилда Болалар омбудсмани номига келиб тушган мурожаатлар сони сезиларли ошган бўлиб, уларнинг 509 таси (26,3 фоизи) ижобий ҳал этилган, 708 таси (36,6 фоизи) бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилган, 573 таси (29,6 фоизи) тегишлилиги бўйича юборилган.

Сенаторлар Болалар омбудсмани фаолиятининг самарадорлигини ошириш, мурожаатлар билан ишлаш сифатини яхшилаш, назорат ва ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича тавсияларини билдирди.

Мажлисда “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги қонун дастлабки тарзда муҳокама қилинди.

Таҳлил натижалари кўрсатишича, амалда бўлган қонун қарийб 20 йил аввал қабул қилингани сабабли ҳозирги кун талабларига тўлиқ жавоб бермайди. Янги қонун автомобиль йўллари инфратузилмасини ривожлантириш, транспорт соҳасида ахборот тизимларини интеграциялаш, тирбандликни камайтириш ва инвестицияларни жалб қилиш каби масалаларни тартибга солади.

“Қўриқлаш фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун ҳам муҳокама қилинди.

Мувофиқлик, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, фуқароларнинг мол-мулкини ҳимоя қилиш ва қўриқлаш тизимини замонавийлаштириш мазкур қонуннинг асосий мақсади экани таъкидланди. Сенаторлар қўриқлаш тизимининг самарадорлигини ошириш, профилактика чораларини кучайтириш ва ваколатларни аниқлаштириш бўйича тавсиялар билдирди.

Сенаторлар, эксперт гуруҳи аъзолари, давлат органлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар раҳбар ходимлари, олий таълим муассасалари вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган муҳокама якунида қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Н.Абдураимова, ЎзА