
Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеясида иштирок этиш учун мамлакатимизга ташкилотга аъзо давлатлар парламентлар делегациялари ташриф буюрмоқда.
Олий Мажлис Сенатида Исроил, Покистон парламентлари раҳбарлари билан учрашувлар бўлиб ўтди.
Сенат Раиси Танзила Норбоева ҳамда Исроил Давлатининг Кнессети Спикери Амир Охана учрашувида Ўзбекистон ва Исроил ўртасидаги стратегик шерикликда парламентлараро алоқаларнинг ўрни ва аҳамияти муҳокама қилинди.
Икки томонлама ҳамкорликнинг барча йўналишларида самарали натижаларга эришиш учун парламентлараро муносабатларни янада фаоллаштириш муҳимлиги таъкидланди.
Қонун ижодкорлиги соҳасида тажриба алмашиш, дўстлик гуруҳлари фаолиятини жадаллаштириш ва парламентлар қўмиталари ўртасидаги фаол мулоқотни йўлга қўйиш учун аниқ дастурлар ишлаб чиқишга келишиб олинди.
Туризм, савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, инновация ва юқори технологиялар, соғлиқни сақлаш соҳаларидаги қўшма лойиҳаларни кенгайтириш имкониятлари юзасидан фикр алмашилди.
Суҳбат якунида икки мамлакат парламентлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган қадамлар белгилаб олинди.
***
Покистон Ислом Республикаси парламенти Сенати Раиси Юсуф Ризо Ғилони бошчилигидаги делегация билан учрашувда эса Ўзбекистон ва Покистон парламентлараро муносабатларини ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Томонлар икки давлат парламентларидаги дўстлик гуруҳлари фаолиятини кучайтириш, қонун ижодкорлиги бўйича тажриба алмашиш, ёш парламент аъзолари ўртасида алоқаларни йўлга қўйиш, шунингдек, парламент институтлари ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича келишувга эришди.

Н.Абдураимова, ЎзА