Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн иккинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди.
Икки кун давом этган мажлисда Сенат ва Ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Сенат Раиси Танзила Норбоева бошқариб борган мажлиснинг биринчи кунида 2026 йилга мўлжалланган давлат бюджети масаласи эътибор марказида бўлди.
Мажлиснинг иккинчи кунида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан боғлиқ масала қизғин муҳокама қилинди. Янгиланган Конституцияга мувофиқ, эндиликда маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари халқнинг ҳақиқий “овозига” айлантирилади. Ҳудудий бошқарув “аҳоли манфаатларига хизмат қилиш” тамойили асосида йўлга қўйилади.
Болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш билан боғлиқ қонун муҳокамаси пайтида рақамли маконда тарқатилаётган уятсиз фото ва видеолар бола тақдирига чуқур салбий таъсир кўрсатиши қайд этилди. Шу боис, болалар учун Интернетда хавфсиз муҳит бўлиши шартлиги, уларнинг шаъни, дахлсизлиги ва келажаги ҳар қандай лайк ёки фойда орттириш истагидан устун туриши кераклиги таъкидланди.
Ёнғинларнинг олдини олиш самарадорлигини оширишга қаратилган қонун муҳокамаси пайтида Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурҳонов қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузганлик учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги кучайтирилишини қайд этди.
Мажлисда атроф-муҳит, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш, Уй-жой кодексини тасдиқлаш, “Марказий Осиё – Хитой” формати котибияти тўғрисидаги низомни ратификация қилишга оид қонунлар кўриб чиқилди.
Вазирлар Маҳкамасига бошқарув сервис компаниялари ва уй-жой мулкдорлари ширкатлари томонидан кўрсатилаётган хизматларнинг сифати юзасидан парламент сўрови юбориш масаласи ҳамда давлат органларига юборилган қатор парламент сўровлари натижалари муҳокама қилинди. Олий суд, Судьялар олий кенгаши таркибига ўзгартиришлар киритилди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/hx4RfQcboQg" title="Senat yalpi majlisida qanday masalalar ko‘rib chiqildi?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ялпи мажлис якунига етди.
Норгул Абдураимова,
Носиржон Ҳайдаров (сурат),
Дониёр Ёқубов (видео), Анвархўжа Аҳмедов (монтаж), ЎзА