Сенатнинг тўртинчи ялпи мажлисида “Кредит ахбороти алмашинуви тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига кредит соҳасидаги муносабатларни янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун кўриб чиқилди.
Президентимиз томонидан мамлакатимизда аҳолининг молиявий хизматлардан фойдаланишини енгиллаштириш, банк хизматлари кўламини кенгайтириш ва сифатини ошириш, кредитлар бериш тартиб-таомилларини соддалаштириш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилаётгани таъкидланди.
Онлайн кредитлар олиш имконияти кенгайгани аҳолига катта қулайлик яратди. Шу билан бирга, фуқароларнинг номига уларнинг хабарисиз кредитларни расмийлаштириш ва тақдим этилган пул маблағларини фирибгарлик усулларини қўллаган ҳолда ўзлаштириш ҳоллари ўсиб бормоқда. Бу эса, фуқароларнинг кредитлаш соҳасидаги манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштиришни талаб этмоқда.

Маълумотларга қараганда, 2023 йилда киберхавфсизлик йўналишида 6 минг 455 жиноят содир этилган бўлиб, уларнинг 76 фоизи (4 минг 923) фуқароларнинг банк пластик карталаридаги пулларни қўлга киритиш билан боғлиқ бўлган.
Шунингдек, 2024 йил давомида киберхавфсизлик йўналишида (банк картаси билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан) фуқаролар томонидан 57 минг 480 мурожаат йўлланган бўлиб, шундан 36 минг 444 таси ўғирлик ва 21 минг 36 таси фирибгарлик жинояти билан боғлиқ.

Қонунда фуқаронинг кредит битими тузиши тақиқланган шахслар реестрида мавжудлиги ёки мавжуд эмаслиги, тақиқлаш (тақиқни бекор қилиш) тўғрисидаги аризанинг ҳолати ҳақида ахборот олиш ҳамда беришда кредит бюроларига нисбатан ҳуқуқ ва мажбуриятлар, уларга нисбатан қўлланиладиган чоралар ва санкциялар ҳам акс эттирилмоқда.
Сенаторлар маъқуллаган қонун фуқаролар иштирокисиз ёки хабарисиз кредит битимини расмийлаштириш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатларининг олдини олиш мақсадида кредит бюросига ариза киритиш орқали фуқаро билан кредит битимини тузишни тақиқлаш имконини беради.
Н.Абдураимова,
Н.Ҳайдаров (сурат),
ЎзА