Жорий йилнинг 16-18 апрель кунлари Тошкент шаҳрида “Banks & Business Expo 2025” халқаро кўргазмаси бўлиб ўтди. Ушбу тадбирда 30 дан ортиқ давлатдан молиявий ташкилотлар ва компаниялар иштирок этди. Озарбайжоннинг “Simbrella” халқаро финтех компанияси ҳам ушбу нуфузли тадбирда илк бор қатнашди.
Кўргазма доирасида “Simbrella” халқаро финтех компаниясининг маҳсулотлар бўйича директори Сельбин Алекперова билан ўтказилган суҳбат компаниянинг халқаро фаолияти, ушбу тадбирнинг аҳамияти ва молиявий технологиялар соҳасидаги замонавий ёндашувларга бағишланди.
– “Simbrella” компаниясининг асосий фаолият йўналишлари ва халқаро финтех-хизматлар бозоридаги миссияси ҳақида гапириб берсангиз.
– “Simbrella” – 20 йиллик тажрибага эга финтех-компания. Биз молиявий хизматлар кўрсатамиз. Маҳсулотларимиз 15 дан ортиқ мамлакатда тақдим этилган бўлиб, ҳозирда 60 миллиондан зиёд инсонни қамраб олганмиз. Бунда биз Африка қитъасидаги фаолиятимизни алоҳида таъкидлашни истар эдим.
Бизнинг асосий миссиямиз анъанавий молиявий тизимдан ташқарида қолган аҳолига молиявий маҳсулотлардан фойдаланиш имкониятини яратиш орқали уларнинг ҳаёт сифатини яхшилашга қаратилган. Банклар бундай мижозларга хизмат кўрсатишда қийинчиликка дуч келади, чунки уларнинг кредит тарихи мавжуд эмас ва технологиявий ечимлар етарли эмас.
Биз ўз финтех ечимларимиз орқали бундай маҳсулотларни ривожланаётган мамлакатлар ва янги бозорларда муваффақиятли жорий этяпмиз. Шу кунгача биз 3,5 миллиард долларлик умумий маблағ доирасида 1 миллиард кредитни тақсимладик ва 240 миллион мижозни қамраб олдик.
– “Banks & Business Expo 2025” кўргазмасида компания томонидан қандай инновацион ечимлар тақдим этилди ва улар Ўзбекистон учун қандай фойда келтириши мумкин?
– Таъкидлаганимдек, биз анъанавий молиявий муассасалар хизматидан фойдалана олмайдиган аҳоли учун молиявий маҳсулотлар таклиф этамиз. Улардан бири – тўлиқ рақамли платформа бўлиб, у банк тизимларига интеграция қилинади ва банклар одатда хизмат кўрсатмайдиган мижозларга кредит бериш имкониятини яратади. Иккинчи маҳсулотимиз – “SalaryNow”. Бу мижозларга ўз маошининг бир қисмидан расмий тўлов санасидан аввал фойдаланиш имконини беради. Агар инсон маошини банк орқали олса ва кутилмаган харажатлар юз берса, у мобиль илова орқали ушбу хизматдан фойдаланиб, бир неча сония ичида маблағни қўлга кирита олади. Ой охирида қайта ҳисоб-китоб қилинган ҳолда қолган маош мижоз ҳисоб-рақамига ўтказилади. Биз ушбу икки маҳсулот Ўзбекистон бозори учун долзарб ва унга талаб юқори бўлиши мумкин, деб ҳисоблаймиз. Хусусан, “SalaryNow” АҚШ ва Европада кенг оммалашган.
Ўзбекистонда ҳам сўровнома ўтказдик ва аксарият фойдаланувчилар бу хизматдан ўз банк иловалари орқали фойдаланиш истагини билдиришди. Одамлар ўз меҳнати билан топган маблағдан фоизсиз ва қарзсиз фойдаланишни хоҳлайди. Умид қиламизки, яқин вақт ичида ушбу маҳсулотни Ўзбекистонда жорий этамиз ва кейинги ташрифимизда натижалар билан ўртоқлашамиз.
–Маҳаллий банклар ва финтех-компаниялар билан ҳамкорликда қандай истиқболларни кўряпсиз?
– Бизнинг асосий мақсадимиз банк хизматларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлмаган аҳолига молиявий хизматларни тақдим этишдир. Шу нуқтаи назардан маҳаллий банклар ва финтех-компаниялар билан ҳамкорлик қилиш учун катта истиқбол мавжуд. Шунингдек, микрокредитлар соҳасига ҳам қизиқишимиз бор. Бу анъанавий банклар учун жуда қиммат маҳсулот, аммо бизнинг платформа ва скоринг ечимларимиз орқали мижозларга тез ва самарали шахсийлаштирилган молиявий хизматлар кўрсатиш мумкин.
Аввал таъкидлаганимдек, “SalaryNow” лойиҳаси Ўзбекистон бозори учун айни муддао. Ҳозирча бу каби ечимга тенг келадиган маҳсулот мавжуд эмас ва биз бу ерда илк лойиҳани амалга ошириш имконига эга эканимизга ишонамиз. Ўзбекистонда бу маҳсулотни жорий қилиш учун барча шароитлар мавжуд ва биз маҳаллий банклар билан муваффақиятли ҳамкорликка умид қиламиз.
ЎзА мухбири
Насиба Зиёдуллаева
суҳбатлашди.