Ҳар бир эртак – бир ҳақиқат. Бироқ буни инсон катта бўлгач, англаб етаркан. Ҳар бир яхшилик – чин қаҳрамонлик. Қилинаётган яхшиликнинг чин эзгулик эканига ишониш эса муҳим.
Пойтахтимиздаги Миллий кино саройида премьераси ўтказилган “Сеҳрландия: қаҳрамонлик миссияси” анимацион фильми замонавий формат ва ғоя асосида яратилган бўлса-да, ёш томошабинларни айни фикрлар ҳақида астойдил мушоҳада юритишга ундагани аниқ.
Болалар контентини ривожлантириш маркази буюртмасига асосан “Lola Animation” студияси томонидан яратилган ушбу фильмнинг намойиши болажонлар учун ҳақиқий байрамга айланиб кетди. Мазкур анимацион картина Марказий Осиёда илк бор 3D форматда ишлаб чиқилган тўлиқ метражли анимацион фильм саналади.
Анимацион фильм 5 ёшдан катта болалар учун мўлжалланган бўлиб, фантастик саргузашт жанрида, замонавий ва халқаро анимация стандартлари талабларига мувофиқ ишланган.
Лойиҳа ёш авлод тарбиясида муҳим аҳамиятга эга бўлган маънавий-маърифий ғояларни қамраб олади ва кенг томошабинлар аудиториясига мос экани билан аҳамиятли.
Фильмнинг асосий йўналиши дўстлик, жамоавийлик, жасорат, инсоф, масъулиятни ҳис этиш, ёзувликка қарши биргаликда курашиш ва инсонпарварлик каби умуминсоний ғояларни қамраб олади.
[gallery-26823]
Тўрт дўст – Темур, Улуғбек, Бобур, Жалолиддин тасодифан сеҳрли портал орқали ихтирочи Замоннинг қароргоҳига тушиб қолади. Ва шу кундан бошлаб уларнинг Сеҳрландияга сирли саргузаштларга бой саёҳатлари бошланади. У ерда болалар вақт машинасини ўғирлаб, оламга эгалик қилмоқчи бўлган ёвуз Олабўжи ҳамда унинг қўшинига қарши курашади.
–Давлатимиз раҳбари томонидан 2025 йил 15 май куни “Болалар учун мўлжалланган миллий контентлар яратиш ва уларни оммалаштиришни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор қабул қилиниб, унинг асосида Болалар контентини ривожлантириш маркази тузилди, – деди ушбу марказ директорининг ижодий масалалар бўйича ўринбосари Ҳасан Тошхўжаев. – Бизнинг асосий мақсадимиз болаларни дўстликка, аҳилликка, меҳр-оқибатга ундовчи, биргаликда эзгу ишларни амалга оширишга чорлайдиган фильм яратиш эди. Мазкур анимацион фильм замонавий форматдаги илк ижодий ишдир. Бу борадаги ишлар келгусида ҳам янада изчил давом этади.
Асар ўзбек тилида ва миллий руҳ, тарихий меросимизга мос равишда яратилгани билан диққатга сазовор.
Фильм қаҳрамонларига Абдураҳим Абдукаримов (Жалолиддин), Улуғбек Шодибеков (Темур), Жаҳонгир Хўжаев (Бобур), Бадриддин Ҳусниддинов (Улуғбек), Собиржон Раҳимжонов (Бобо), Шаҳзода Муҳаммедова (Биби), Беҳзод Муҳаммадкаримов (Замон), Боир Холмирзаев (Олабўжи), Алишер Узоқов (Бўжи) ва бошқалар овоз берган.
Фильмнинг визуал ва техник ечимлари замонавий анимация талабларига тўлиқ мос ҳолда ишланган. Сеҳрли оламлар, технологик муҳит, ранг-баранг ландшафтлар ва динамик саҳналар орқали юқори даражадаги визуал эффектлар яратилган.
Аудио ва мусиқий ечимлар ёш томошабинларнинг психологияси ва қабул қилиш хусусиятларига мувофиқ ишланган. Унинг овоз эффектларига Ҳиндистондаги машҳур “Jam8 Studio” томонидан ишлов берилган.
Мазкур анимацион фильм болаларда ижобий қаҳрамонлик образини шакллантириш, ўз-ўзига ишонч, фидойилик, эзгуликка интилиш, Ватанга муҳаббат ва жамият олдидаги масъулият, бурчни кучайтиришга хизмат қилади.
Фильм оила даврасида, таълим муассасаларида ва болалар марказларида томоша қилиш учун тавсия этиладиган маърифий маҳсулот сифатида аҳамиятга эгадир.
Завқли ва серсаргузашт ушбу фильмнинг премьерасида болажонлар, маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари, шунингдек, The Walt Disney Company вице-президенти, саккиз карра “Emmy Award” халқаро телевизион мукофоти совриндори Ҳайма Вашингтон, шу билан бирга соҳа мутахассислари, маданият, санъат, таълим соҳаси вакиллари, кенг жамоатчилик иштирок этди.
–Менга бу фильм жуда ёқди, – деди пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманидаги 20-мактабнинг 5-синф ўқувчиси Юсуфбек Исроилов. – У жуда қизиқарли бўлиб, яхши мақсадлар йўлида дадил олға юришга, дўстликни, аҳилликни қадрлашга ўргатиши кўпчилик ўртоқларим каби менда ҳам катта таассурот қолдирди.
Айтиш керакки, фильм яратилиши доирасида рақамли ўйин, болалар учун китоб ва мавзуга оид сувенир маҳсулотлари ҳам ишлаб чиқилган бўлиб, лойиҳанинг комплекс тарғибот ва медиа йўналишларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Назокат Усмонова, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА мухбирлари