Илм йўлига қадам ташлаган инсон борки, Scopus мақолалар базаси ҳақида ҳар тарафдан пессимистик таърифларга дуч келади. Унда мақола чиқариш қийинлиги, мураккаб босқичларни қамраб олиши тўғрисидаги гаплар туфайли Scopus тадқиқотчининг “қўрқинчли туши”га айланиб қолган. Боз устига қандайдир “хищник” (“йиртқич”) журнал сайтлари кўзга суртиб тайёрлаган “арзанда” мақолани “еб кетса” ёмон алам қилади.
Шунинг учун ҳам кўп тадқиқотчилар бу базага яқинлашишга ҳам қўрқади, ундан кўра кимлардир орқали пул бериб бўлса ҳам мақола чиқаришни афзал кўради, аммо... Кўп ҳолларда билимсизлик, ўрганишдан чўчиш тадқиқотчига 10 карра қимматга тушади.
Ўзи нима дегани шу Scopus?! Ушбу базани мустақил ўзлаштира оламизми, ушбу базадаги журнални сохта журналдан ажрата оламизми, ўзимиз бепул мақола чиқара оламизми, деган саволларга қуйида жавоб берсак.
Scopus -нуфузли илмий база
Scopus-бу интернет майдонида 24 мингдан ортиқ халқаро илмий нашрларнинг базаси. У ерда муаллифлик остидаги ҳар қандай илмий иш маълум алгоритмларга кўра визуал шаклда сақланади, таҳлил қилинади, тақризларга тобеъ тутилади. Муаллифлар ўз илмий ишларидан бошқалар фойдалангани туфайли рейтинглари ошиб боради. Scopus базасида кўпроқ табиий, ижтимоий-гуманитар, техника, тиббиёт ва санъат соҳаларига алоқадор 5000дан ортиқ муаллифларнинг илмий ишлари сақланади. Scopus нуфузи илмий тадқиқотларни саралаш ва индекслашда жуда қаттиқ сифат назорати билан мустаҳкамланган. Шу сабали дунё университетлари рейтингини тузишда Scopusда нашр қилинган тадқиқотлар муҳим таъсир фактори саналади.

База Elsevier ноширлик уйи тарафидан тузилганига 20 йил тўлди. Матнлар 40 дан ортиқ тилда ёзилган. Жумладан,
- 24000, шулардан 4000дан ортиғи фойдаланишга очиқ шаклда илмий журналлар;
- Ихтисослашган нашрлар;
- 200000га яқин китоб ва китоб сериялари;
- Юз минглаб конференцияларда қилинган миллионлаб маъруза матнлари;
- Энг қадимгиси 1788 йилда чоп этилган нашрлар адабиётлар рўйхати билан биргаликда;
- Жаҳон патент ташкилотлари тарафидан тақдим қилинган патентлар ҳақида маълумотлар;
- Ноёб фактологик материаллар;
- Муаллифлар ҳақида қайдлар;
- Илмий даргоҳлар ҳақида қайдлар;
- Журналларнинг самарадорлигини ўлчовчи таққослов инструментлари ва ҳ.к.
Scopusда мақолалар тақдим этилган вақтидан эътиборан 1 йил ичида сифат назоратидан ўтиб эълон қилиниши мумкин. База тили-инглиз тили. Муаллифлар ўзлари ишлаётган ташкилот номидан рўйхатдан ўтади.
Scopus тадқиқотчига нима беради?
Scopus базаси тадқиқотчига қидурув системаларига қараганда анча ишланган, сайқалланган, йўналтирилган маълумотларни бир жойда тақдим этади. Мақолаларга берилган тақризларга кўра тадқиқотчи у ёки бу мавзунинг не чоғли долзарб экани, ўрганилганлик даражаси, кўламини осон пайқай олади. Танланган мавзу бўйича дунёдаги турдош ташкилотлар ва шахслар ҳақида тасаввур этишга имкон яратади. Scopus базасида мақола эълон қилиш эса инсоннинг академик карьерасига жуда ижобий таъсир кўрсатади. Мақоладан олинган иқтибослар эса унинг Хирш индексини юксалишига хизмат қилади.
Scopusда қандай мақолалар чиқади?
Scopusдан жой оладиган мақолалар учун бир қанча талаблар қўйилади. Шулардан биринчиси – танланган билим соҳасида аввал айтилмаган ёки кам тадқиқ этилган бирор илмий муаммонинг ечимини башорат қилиш. Ушбу илмий масала тадқиқотчи томонидан танланган методлар ёрдамида таҳлил қилиниши шарт. Албатта, мақола чиқадиган журнални тадқиқотчи аввалдан танлаб, унинг спецификасини ўрганиб қўйса нур устига аъло нур. Мақола учун танланган мавзу калит сўзлари ёки муаллифлар бўйича қидирув бериб, шу ишгача қилинган тадқиқотлар билан танишиб олиш мумкин. Бу босқичда Google Scolar ва Web of Science илмий базаларидан ҳам қўшимча фойдаланиш мумкин.
Тадқиқотчида илмий гипотеза ва аппарат шакллангандан сўнг ёзиладиган мақола структураси бўйича иш бошланади. IMRAD (Introduction, Materials/Methods, Results and Discussion) деб номланган базавий структурага кўра аввал мақола нима ҳақда экани, қўйилган муаммо, кутилаётган натижалар қисқа ёзилади. Сўнг ушбу мақоладаги тушунча ва ғоялар тизимига таъриф берилади, мақола учун татбиқ этилаётган методлар тавсифланади. Мақола учун тўпланган материаллар, методлар асосида олинган натижалар кўргазмали шаклда ифодаланади. Мақоланинг охирида эса илгари сурилган ғоя қўлланилган методлар асосида олинган натижаларга мос келгани ёки келмагани ҳақида муҳокама баён этилади. Хулоса қисмида тадқиқот давомида дуч келган қийинчиликлар, тадқиқотнинг кучли ва заиф нуқталари, олинган натижалар тушунтирилади.
Scopus базасидаги журнал талабидаги стилдан келиб чиқиб иқтибослар расмийлаштирилади. Бу стилларнинг энг оммабопи дунёда 15 дан ортиқ. Энг кўп Vancouver, Council of Biology Editors, MLA, Harvard, Chicago, NLM, APA иқтибос олиш ва ҳавола қилиш стилларидан фойдаланилади.
Scopus базасидаги ҳар қандай журналда мақола чоп этиш учун албатта мақола номи, аннотацияси ва калит сўзлари бўлиши керак. Мақола номи 10-15, аннотация 150-300, калит сўзлар 4-6 та бўлгани мақсадга мувофиқ.
Мақола тайёр бўлгач, уни академик инглиз тилига таржима қилинади. Бунда мақолада баён қилинган фикр тўлалигича инглиз тилида айни маъно акс эттиришига жиддий эътибор қилиш лозим.
Мақола инглиз тилига профессионал таржима қилингандан кейин Scopus базасидан мувофиқ журнал қидирилади. Аслида Scopus базасининг ўзида Journal Finder хизмати мавжуд. Журнал танлаётганда мавзу бўйича адабиётлар қидирилганида қайси журналларда кўпроқ мавзу доирасидаги мақолалар чиққан бўлса, шу журналларга мурожаат қилган маъқул.

Алданиб қолмаслик учун...
Ана шу нуқтада кўпгина илмий тадқиқотчи ҳамюртларимиз “ёлғончи” журналларга дуч келиб қолишади. “Ёлғончи” журналлар 3 хил бўлади: “йиртқич” журналлар, клон-журналлар ва фейк журналлар. “Йиртқич” журналлар (Журналы хищник) аввалига Scopus базасида индексланади, аммо фаолиятини суиистеъмол қилиб ҳар қандай материалларни ҳам чиқараверади, натижада базадан чиқариб юборилади.
Клон журналлар эса баъзи журналларнинг тўлиқ копияси бўлиб, улар номидан иш олиб боради. Фейк журналлар эса Scopus базасида умуман мавжуд бўлмайди. Бундай журналлар домига тушмаслик учун баъзи ньюансларга эътибор бериш керак. Ҳақиқий журналлар мақолаларни узоқ муддат (1 йилгача) кўриб чиқади, маълум соҳага ихтисослашади, мақолалар ҳар сонида пропорционал равишда бир хилликка эга бўлади, қабул қилинган аниқ илмий метрикалар кўрсатилган бўлади, нуфузли базаларда кўриниб туради, қандай хизматлар учун тўлов (мақолани кўриб чиқиш, муҳаррир хизмати, тақризчи меҳнати, мақолани чоп этиш) қилинаётгани равшан кўрсатилади. Scopusда бепул мақола чиқариш деярли мумкин эмас.
Охирги босқич
Scopus базасидан 2-3 та мос журнал танлангач, биттасига мақолани жўнатиб, улардан келадиган жавобни кутиш керак. Ҳаммасига баравар жўнатиш этикага тўғри келмайди. Журнал тарафидан кўрсатилган камчиликларни бартараф қилишда ҳамкорлик қилишга ҳам тўғри келади. Шундан сўнг чоп этишга тайёр бўлган мақола учун журнал маълум маблағ сўрайди. Шунча босқичлардан ўтган мақола Scopus базасида индексланади.
Дилноза УМАРОВА,
Ўзбекистон журналистика ва оммавий
коммуникациялар унивеситети таянч докторанти
ЎзА