Самарқанд шаҳридаги “School-21” дастурлаш мактаби IT-мутахассисликлари бўйича бепул ўқиш учун қабул бошланганини эълон қилади.
Якуний саралаш босқичи доирасида иштирокчилар 26 кун мобайнида мактаб кампусига қатнаган ҳолда интенсив курсда таҳсил олади. Интенсив курс дастурлашнинг қисқартирилган курсини ифода этиб, унда ўқувчилар индивидуал ва жамоавий лойиҳаларни бажариши лозим бўлади.
Мазкур курс натижаларига кўра, даъвогарлар дастурлашнинг асосий таълими учун танлаб олинади. Бунинг учун ҳар йили 800 нафардан ортиқ киши қабул қилинади. Дарс жадвали индивидуал бўлгани туфайли ўқиш машғулот соатлари ва ўрганмоқчи бўлган даражасидан келиб чиқиб, ярим йилдан уч йилгача давом этиши мумкин.
18 ёшдан бошлаб барча хоҳловчилар “School-21”га кириши ва IT-касбини бепул эгаллаши мумкин. Мактабда амалий дастурлаш, компьютер тармоқлари, алгоритмлар, маълумотлар базаси, мобиль ишланмалар, Frontend, Backend, ML & DS, Big Data ва GameDev га оид дарслар ўтилади.
“School-21” га қабул диплом мавжудлиги ёки дастурлаш бўйича тажриба бор-йўқлигига боғлиқ эмас. Бошқа шаҳар ва давлатлардан келган иштирокчиларга ётоқхона тақдим этилади.
Битирувчилар “School-21”ни тамомлаганлиги тўғрисида махсус сертификатга эга бўлади. Ўқиш ҳарбий хизматга чақиришни кечиктириш учун асос бўла олмайди.
Роман БОНДАРЧУК тайёрлади, ЎзА