Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Жиззах вилояти судларининг масъуллари томонидан Ғаллаорол ҳамда Бахмал туманларида суд-ҳуқуқ масалаларига доир навбатдаги сайёр қабул ўтказилди.
Ғаллаорол туманида истиқомат қилувчи фуқаролар учун туманнинг “Яшнаобод” маҳалла фуқаролар йиғинида ташкил этилган сайёр қабулда 16 нафар фуқаронинг мурожаатлари кўриб чиқилди. Уларнинг 12 таси фуқаролик, 3 таси жиноят, 1 таси маъмурий судларга оид масалалардан иборат эди. Ушбу мурожаатчиларнинг 14 нафарига ҳуқуқий тушунтиришлар берилган бўлса, 2 та мурожаат жойида ижобий ҳал этилди.
Қабул жараёнида Жиноят ишлари бўйича Ғаллаорол туман судининг сайёр мажлисида шу туманда истиқомат қилувчи 3 нафар маҳкум Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан жазодан муддатидан илгари шартли озод қилинган бўлса, Фуқаролик ишлари бўйича Ғаллаорол туманлараро судининг сайёр суд мажлисида 2 нафар жавобгарнинг ўзига оид фуқаролик иши юзасидан қабул қилинган ҳал қилув қарорининг ижросини вақтинчалик кечиктириб туриш тўғрисидаги даъво аризалари қаноатлантирилди.
Жумладан, ҳал қилув қарорига асосан жавобгар Т. Қудратов томонидан яйловдаги ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниб, қурилган уй-жой ва қўшимча қурилма биносини ўзининг ҳисобидан буздириш ва ер майдонини фойдаланиш учун яроқли ҳолатга келтириш мажбуриятининг ижроси 2025 йил 22 октябрга қадар кечиктирилди.
Сайёр қабул жараёнида муаммоси ижобий ҳал этилган ғаллаороллик 4 нафар фуқаро Ўзбекистон Республикаси Президенти номига ташаккурнома тақдим этди.
Жумладан, Жиззах туманлараро маъмурий суди томонидан аризачи “Sara hosila” фермер хўжалиги раҳбари Р. Норбоеванинг жавобгар Ғаллаорол туман ҳокими қарорини ҳақиқий эмас, деб топиш ҳақидаги шикояти тўлиқ қаноатлантирилди.
– Ушбу сайёр қабулга қадар ўзимнинг ҳақ экканлигимни билсамда, суд туман ҳокими қарорини ҳақиқий эмас деб топишига, тўғриси, унчалик ҳам ишонмаган эдим. Ушбу қарорга кўра, нафақат туман ҳокими қарори бекор қилинди, балки менинг қонуний ҳуқуқларим тўлиқ тикланиб, ўз фаолиятимни юритиш учун янги имкониятлар ҳам яратиб берилди. Ушбу адолатли қарор суд тизимига бўлган ишончимни янада мустаҳкамлади. Бунинг учун мамлакатимиздаги барча соҳаларда кенг қамровли ислоҳотларнинг амалга ошишига бош-қош бўлган, жумладан, суд тизимида ҳам адолат устуворлигини ўрнатган Президентимизга бошим ерга теккунича таъзим қиламан, – деди сайёр қабулда мурожаати ижобий ҳал этилган фуқаро Р. Норбоева шукроналик билан.
Куннинг иккинчи ярмида эса Бахмал туман ҳудудида истиқомат қилувчи фуқаролар учун Ўсмат шаҳарчасидаги 2-сонли политехникум биносида сайёр қабул ўтказилди.
Унда 5 та мурожаат тингланиб, 1 нафар фуқаронинг мурожаати жойида ижобий ҳал этилди, 4 нафар фуқарога тегишли тартибда ҳуқуқий тушунтириш ва маслаҳатлар берилди.
[gallery-22987]
Жиноят ишлари бўйича Бахмал туман судининг сайёр мажлисида бир неча шахсларга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар кўриб чиқилди.
Шунингдек, Жиноят ишлари бўйича Ғаллаорол туман суди томонидан Бахмал туманида яшовчи 6 нафар маҳкум Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан жазодан муддатидан илгари шартли озод этилди.
Суд органлари томонидан ўтказилаётган бундай сайёр қабулларнинг мунтазам ташкил этилиши жамиятда адолат, қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқлари таъминланаётганига ёрқин мисолдир.
А.Қаюмов, ЎзА мухбири