Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳрида хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш ва уларнинг даромадларини ошириш йўналишида олиб борилаётган ишлар натижасида маҳаллий ҳаётда сезиларли ўзгаришлар кузатилмоқда.
Шаҳарда 19 минг 400 нафар аҳоли истиқомат қилади, шундан 9 минг 986 нафари хотин-қизлар. Уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш ва уларни касб-ҳунарга йўналтириш, шу билан бирга, иқтисодий мустақилликка эришиш имконини таъминлаш мақсадида “Сайхунобод тажрибаси” асосида томорқалардан самарали фойдаланишга қаратилган кенг қамровли тадбирлар олиб борилмоқда.

Бу имкониятлар хотин-қизларга асаларичилик, чорвачилик, паррандачилик ва бошқа қишлоқ хўжалиги йўналишларида фаолият юритишга шароит яратади. Натижада, нафақат ишсизлик даражаси пасаймоқда, балки маҳаллий аҳолининг даромад манбалари ҳам кенгаймоқда.
Марказий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари ходимлари учун ташкил этилган пресс-тур иштирокчилари бу жараённи яқиндан кузатиш имкониятига эга бўлишди.

– Жорий йилда Ширин шаҳрида хотин-қизлар бандлигини таъминлаш бўйича белгиланган 470 нафарлик режа 1 сентябрь ҳолатига кўра, 508 нафарга бажарилди. Улардан 137 нафари норасмий секторда фаолият юритмоқда ва норасмий бандликни расмийлаштириш бўйича Солиқ ва Статистика бўлимлари билан ҳамкорликда ишлар олиб борилмоқда, – дея маълумот берди Ширин шаҳар ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Дилдора Умарова.
Пресс-тур иштирокчилари Фарҳод маҳалласи, Аҳиллик тор кўчаси 1-хонадонда яшовчи Алисаид ва Ҳамрохон Ортиқбоевалар хонадонида бўлиб, уларнинг фаолияти билан яқиндан танишишди. 50 йилдан буён намунали оила сифатида 3 нафар фарзанд ва 4 нафар набирасини тарбиялаб келаётган бу оила катталари ҳозир нафақада бўлса ҳам, томорқасидан даромад олиб, асаларичилик, чорвачилик ва паррандачилик билан шуғулланиб, оиланинг молиявий фаровонлигини таъминлаб келишмоқда.
Эътиборли жиҳати, Алисаид бобо рус тили ўқитувчиси, Ҳамрохон ая эса инглиз тили ўқитувчиси бўлиб, улар узоқ йиллар давомида ўғил-қизларга таълим-тарбия бериб, нафақага чиққан бўлишса-да, илмий ва ижтимоий фаолликни давом эттиришмоқда.

Алисаид бобо археология ва қадимшунослик бўйича тадқиқот олиб бормоқда, Ҳамрохон ая эса ўз билим ва тажрибасини қизиққан ёшларга ўргатмоқда.
– Яратганга шукур, Сайхунобод тажрибаси асосида томорқада етиштираётган маҳсулотларимиз рўзғоримизни, фарзандларимизнинг келажагини обод қилишга ҳисса қўшмоқда. Бу нафақат қўшимча даромад, балки бизга катта рағбат беради, – дейди Алисаид бобо.
Айни вақтда хонадонда 25 қути асал парваришланмоқда. Ўртача ҳар қутидан йилига 25 килограмм асал олинса, барча қутилардан 600 килограмм атрофида асал маҳсулоти йиғилади. Бу маҳсулот пулга айлантирилганда анчагина даромад манбаи бўлади. Ая ва бобонинг бу тажрибаси Ширин шаҳрида “Сайхунобод тажрибаси” каби оммалашмоқда.
– Ширин шаҳрида Алисаид бобо ва Ҳамрохон ая каби томорқадан унумли фойдаланаётган, даромад топаётган оилалар сони ортиб бормоқда. Ҳатто хотин-қизларимиз ўз хонадонларида интенсив усулда балиқ парваришлашни ҳам йўлга қўйган, – дея таъкидлади шаҳар хокими ўринбосари.

Ширин шаҳрида хотин-қизларни касб-ҳунар ва тадбиркорлик йўналишларига жалб қилиш борасида тизимли ишлар йўлга қўйилган. Мисол учун, 1-сентябрь ҳолатига кўра 304 нафар хотин-қиз касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилган, шундан 125 нафари “Сайхунобод тажрибаси” бўйича, 17 нафари хавфсиз миграция ва хорижий тил, 5 нафари дарахт ва гул кўчатларини етиштириш йўналиши бўйича таълим олган.
Улардан 308 нафари ишга жойлаштирилган, 224 нафарига имтиёзли кредитлар тақдим қилинган ва тадбиркорлик фаолиятларинии йўлга қўйишда кўмак берилган. Шунингдек, 21 нафар хотин-қизнинг тадбиркорлик лойиҳалари қўллаб-қувватланган.
– Бундан ташқари, 27 нафар эҳтиёжманд хотин-қизлар лидер тадбиркор аёлларга, 44 нафари ҳунармандларга бириктирилди, – дейди Дилдора Умарова.
2025 йилда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш мақсадида кичик ишлаб чиқариш цехлари, бандлик ва саломатлик марказлари, соғлом оила маслаҳатхоналари ҳамда оила ва хотин-қизлар масканлари ташкил этилиши режалаштирилган.
Пресс-тур иштирокчилари хотин-қизлар томорқадан даромад олиб, иқтисодий ва ижтимоий мустақилликка эришиш жараёнларини шахсан кузатдилар. Бу тажриба нафақат оилалар даромадини оширишда, балки маҳалла ва жамиятда хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини таъминлашда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири