Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири шаҳзода Файсал бин Фарҳон АҚШ давлат котиби Марко Рубио билан телефон орқали мулоқот қилди. Суҳбатда Эроннинг мамлакат ва минтақадаги бошқа давлатларга қарши давом этаётган ҳаракати муҳокама қилинган. Бу ҳақда SPA нашри ёзди.
Томонлар мавжуд вазиятга жавоб чоралари, шунингдек Саудия хавфсизлигини таъминлаш, мамлакат фуқаролари ҳамда резидентларини ҳимоя қилишга қаратилган қадамлар юзасидан фикр алмашди.
Шу куни Саудия ташқи сиёсат идораси раҳбари Германия ташқи ишлар вазири Йоханн Вадефуль билан ҳам учрашди. Мулоқот давомида икки давлат ҳамкорлигини янада ривожлантириш ҳамда минтақадаги хавфсизликка таъсир қилаётган сўнгги воқеалар муҳокама қилинди.
ГФР Эрон томонидан амалга оширилган ҳужумларни қоралаб, Саудия билан тўлиқ ҳамжиҳат эканини билдирган. Минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш учун халқаро ҳамкорликни кучайтириш зарурлиги эътироф этилган.
Айни пайт Саудия мудофаа вазирлиги матбуот котиби генерал Туркий ал-Маликий мамлакатнинг шарқий ҳудудига учирилган тўрт дрон ҳаво мудофааси тизими томонидан йўқ қилинганини айтди.
Мусулмон Зиё, ЎзА