Нукусдаги “Оққуш” мажмуасида Табиий ва минерал ресурсларни чуқур қайта ишлаш, нефть-кимё саноат маҳсулотлари, қурилиш материаллари, мебелсозлик, электроэнергия ва электротехника маҳсулотлари саноатига ихтисослашган ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркаси ва Инвестиция форуми ўтказилмоқда.
Унинг очилиш маросимида таъқидланганидек, давлатимиз раҳбарининг фармон ва қарорлари асосида йирик тармоқ корхоналар ва кичик бизнес субъектлари ўртасида кооперация алоқаларини кенгайтириш бўйича белгиланган чора-тадбирлар бу йўналишдаги ишларни янги босқичга олиб чиқмоқда.
Мазкур ярмарка табиий ва минерал ресурсларни чуқур қайта ишлаш, нефть-кимё саноат маҳсулотлари, қурилиш материаллари, мебелсозлик, электроэнергия ва электротехника маҳсулотлари ва бошқа саноат соҳаларида тармоқ-ҳудудий корхоналар ўртасида кооперация алоқаларни янада мустаҳкамлаш билан бирга кичик бизнес субъектлари учун ҳам катта имкониятлар яратиб беради.
Ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва тармоқлараро саноат кооперациясини кенгайтириш борасидаги бу каби тадбирлар айнан давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари асосида иқтисодий ўсишнинг энг муҳим омиллардан бири сифатида олиб борилмоқда. Чунки маҳаллийлаштириш дастури билан уйғун кечаётган саноат кооперацияси ички имкониятларни ишга солиш, тезкор янги замонавий технологияларни жорий қилиш орқали устувор тармоқларнинг халқаро ва минтақавий ҳамкорлик доирасида ҳам ҳар жиҳатдан ўз таъсир даражасини кучайтириш кафолатидир.
[gallery-25779]
Бугунги ҳудудий саноат ярмаркасида Қорақалпоғистон Республикаси, шунингдек, республикамиз вилоятларидан ташриф буюрган 200 тага яқин саноат маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналар 600 га яқин маҳсулот намунаси, ўзлаштирилиши режалаштирилган импорт ўрнини босувчи товарлар, саноат кооперацияси орқали маҳаллийлаштиришга таклиф қилинаётган маҳсулот турлари ҳамда истиқболли лойиҳалари билан иштирок этишмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Қорақалпоғистон Республикасида саноатни жадал ривожлантириш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, саноатда кооперация алоқаларини кенгайтириш ҳамда импортни оптималлаштириш борасида бир қатор ижобий ва самарали ишлар амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда, республикада 3 минг 900 дан ортиқ саноат корхоналари ва 100 га яқин хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналар самарали фаолият кўрсатиб келмоқда.
Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 2023 йилда 17,8 триллион сўмни, 2024 йилда эса 24,3 триллион сўмни ташкил этиб, 106,2 фоизга ўсиш таъминланди. Жорий йил якунида ишлаб чиқариш ҳажми 27 триллион сўмга етказилиши кутилмоқда. Шунингдек, ҳудудий саноат корхоналарининг жорий йилдаги ўсиш суръати 65,9 фоизни ташкил этиши кўзда тутилган.
Маҳаллийлаштириш дастури доирасида 2024 йил якуни билан 512,0 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди ва 2025 йилга нисбатан 120 фоизга оширилади. Жорий йил якунида эса 38 турдаги маҳсулот маҳаллийлаштирилиши ҳисобига 700 миллиард сўмлик импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши кутилмоқда.
Ярмарка давомида саноат маҳсулотлари кўргазмалари, электрон кооперация биржаси портали фаолияти, саноат кооперациясини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, кичик бизнес субъектларини саноат фаолиятига кенг жалб қилиш, инвестицион имкониятлар, тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда тармоқ ва ҳудудларда саноат салоҳиятини оширишга қаратилган тақдимотлар, В2В учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган
Энг муҳими, ушбу ярмаркада саноат тармоқлари, кичик бизнес субъектлари республикамизда ишлаб чиқарилаётган маҳаллий маҳсулотларни харид қилиш ҳамда бутловчи қисмлар, материаллар ва хомашёларни етказиб бериш бўйича шартномалар тузиш имкониятига эга бўлишади.
Ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркаси ва Инвестиция форуми давом этмоқда.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА