Экологик тоза ҳудудларнинг ҳуқуқий мақомини белгилашга қаратилган қонун лойиҳаси парламент қуйи палатасининг мажлисида муҳокама қилинди. Мазкур қонун лойиҳаси экологик тоза ҳудудларнинг мақомини ва режимини белгилашга ҳамда мазкур ҳудудларда пластик маҳсулотларнинг муомаласини тартибга солишга қаратилган.
Таъкидланганидек, лойиҳада экологик тоза ҳудудлардаги фаолияти натижасида оқова сув ҳосил қилувчи хўжалик юритувчи субъектларнинг ишлаб чиқариш объектлари ҳамда автомобиль ювиш шохобчалари оқова сувларни тозалаш иншоотлари билан жиҳозланиши назарда тутилмоқда.

Тегишли равишда тозаланган оқова сувларни оқизиб юбориш учун уларни чиқариб юбориш тармоқларига улаш ёки уларда оқова сувларни тўплаш учун муқобил иншоотлар қуриш, айланма сув таъминоти жорий этиш ва улардан самарали фойдаланиш шартлиги белгиланмоқда.
Шунингдек, табиий объектлар ва мажмуаларга салбий таъсир қилувчи саноат объектларининг қурилиши ва фаолият кўрсатиши тақиқланяпти. Қолаверса, табиий органик полимер маҳсулотлардан ташқари бир марталик пластик маҳсулотлар муомалада бўлишини чеклаш назарда тутилмоқда.

Таъкидланганидек, қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш давомида депутатларнинг таклифлари инобатга олинди. Жумладан, депутатларнинг таклифи билан экологик тоза ҳудудларга автотранспорт билан киришга оид норма лойиҳадан чиқариб ташланди.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши мамлакатимизда экологик хавфсизликни таъминлаш, курорт ва экотуризм салоҳиятини ошириш, биохилма-хилликни муҳофаза қилиш ҳамда мамлакатимизнинг халқаро экологик нуфузини юксалтиришга хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА