Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси Қашқадарё вилояти бошқармаси томонидан оммавий ахборот воситалари ва блогерлар учун пресс-тур ташкил этилди. Унда иштирокчилар соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, лабораториялар фаолияти ва яратилган замонавий шарт-шароитлар билан яқиндан танишиш имконига эга бўлди.
Таъкидлаш лозимки, бугунги кунда ҳудудларда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг истеъмолга яроқлилик даражасини аниқлашда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ҳамда унинг жойлардаги бошқарма ва бўлимлари ходимларининг ҳиссаси катта. Ҳар бир етиштирилган маҳсулот доимий равишда улар томонидан лаборатория текшируви орқали назорат қилиб борилади. Мақсад одамлар соғлигига зиён етказмаслик.
Шу мақсадда дастлаб вилоятнинг Кўкдала туманидаги тарвузчилик хўжаликлари майдонларига борилди.
[gallery-23384]
Маълумки, Кўкдала туманилик миришкор деҳқонлар бир неча йиллардан буён тарвузчиликда етакчилик қилмоқда. Маълумотларга кўра, туманда йилига 14 минг гектарга яқин майдонларда эртачи, ўрта ва кечки тарвузлар етиштирилади.
Пресс-тур иштирокчилари борган майдон эса шу ерлик деҳқон Хўроз Қобиловга тегишли. Деҳқон жорий мавсумда 20 гектар майдонда дуга услубида, 4 гектар майдонда иссиқхона шароитида “долбий” навли эртачи тарвуз экиб парваришламоқда.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси вилоят бошқармаси вакиллари шу ернинг ўзида деҳқоннинг маҳсулотларини бирламчи текширувдан ўтказиб берди ва мукаммал текшириш учун намуналар олди. Маҳсулотларни харид қилиш учун келган улгуржи харидорлар ҳам бундан мамнун бўлган ҳолда хавотирсиз савдони қилишди.
Қайд этиш лозимки, бошқарма ҳузуридаги синов лабораториялар мажмуаси – санитария-гигиена, радиология, паразитология, бактериология ва вирусология йўналишлари бўйича фаолият юритиб, халқаро ISO/IEC 17025:2019 стандартига мос равишда миллий ва халқаро аккредитациядан ўтган. Бу лабораторияларда озиқ-овқат маҳсулотлари, ичимлик сувлари, косметика ва қурилиш материалларидан тортиб, аҳоли яшаш жойлари ҳолатигача бўлган 192 турдаги хавфсизлик кўрсаткичи таҳлил қилинади.
Муассасада 37 нафар малакали мутахассис иш олиб бориб, таҳлиллар узлуксиз амалга оширилиши учун ходимлар ўртасида алмашинув тизими жорий этилган. Коррупция ва манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш мақсадида лаборатория фаолиятида шаффофлик ҳамда холислик таъминланган, барча ходимлар махсус баёнотлар билан таништирилган.
Пресс-турда иштирокчиларга замонавий ускуналар – Thermo Scientific iCAP 7400 DUO Series спектрометри ва “ХРОМАТЭК-КРИСТАЛЛ 9000” хроматографи орқали тезкор ҳамда аниқ таҳлил имкониятлари намойиш этилди. Ускуналар ёрдамида бир вақтнинг ўзида ўнлаб унсур ва моддалар таҳлили амалга оширилиши мумкин.
Айни вақтда лабораторияда токсинлар, антибиотиклар, генетик модификацияланган организмлар (ГМО) ва бошқа хавфли моддаларни таҳлил қилиш қамровини кенгайтириш устида ишлар олиб борилмоқда. Бу эса аҳоли саломатлигини янада самарали муҳофаза қилиш имкониятини беради.
Тадбир сўнггида ОАВ вакиллари саволларига жавоб берилди ҳамда фаолиятни янада кенг ёритиш бўйича таклифлар билдирилди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари