Қишлоқ хўжалигида халқаро ҳамкорлик мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, экспорт салоҳиятини ошириш, илм-фан ва технологияларни жалб қилиш ҳамда аҳоли фаровонлигини яхшилашда муҳим омил ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов БМТнинг “Озиқ-овқат тизимлари бўйича Иккинчи ҳисобот саммити” (UNFSS+4) доирасида Италия Республикаси Қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва ўрмон хўжалиги вазири жаноб Францеско Лоллобрижида билан учрашди.

Мулоқот давомида томонлар ўртасида икки давлат ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, Италия томони Ўзбекистон делегациясини жорий йилнинг 14–18-октябрь кунлари Рим шаҳрида БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан ташкил этиладиган “World Food Forum” — Жаҳон озиқ-овқат форумида иштирок этишга таклиф этди.

Бундан ташқари агросуғурта тизимини такомиллаштириш, илғор технологиялар алмашинуви, тажриба асосида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш каби йўналишларда ҳамкорлик имкониятлари юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, саммит доирасида вазир Иброҳим Абдураҳмонов БМТ Бош котибининг биринчи ўринбосари Амина Жейн Моҳаммед хоним билан ҳам учрашув ўтказди. Суҳбат давомида Ўзбекистон томони мазкур саммитнинг юқори савияда, профессионал даражада ва мукаммал ташкил этилганини алоҳида таъкидлади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА