Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида самбо бўйича ўсмирлар ўртасида ўтказилган халқаро турнирда Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 8 та олтин, 1 тадан кумуш ва бронза медалига эга чиқди.
Жумладан, нуфузли мусобақада Степан Зяблов, Алан Ким, Акмал Азимов, Фазлиддин Лутфиддинов, Владислав Те, Иван Зяблов, Фирдавс Лутфиддинов ва Рустам Ғозиев каби самбочиларимиз ўз вазн тоифаларида барча рақибларини енгган ҳолда шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди. Имрон Ҳабибуллаев ва Арсений Одилов терма жамоамиз ҳисобига кумуш ҳамда бронза медалларини келтирди.

Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида Виталий Гордеев хотирасига бағишланган халқаро турнирда эса мураббий Шавкат Жўраев бошчилигидаги самбочиларимиз 1 та олтин, 3 тадан кумуш ва бронза медалларини қўлга киритди.
Аниқроқ айтадиган бўлсак, +98 килограмм вазнда Улуғбек Муҳаммадиев жанговар самбо беллашувларида олтин медалга сазовор бўлган бўлса, самбо баҳсларида бронза медали билан тақдирланди.
Қизлар орасида Рухшона Азимова жанговар самбочилар орасида бронза, ҳаваскорлар орасида эса кумуш медаль соҳибига айланди. Шунингдек, ўз вазн тоифаларида Иброҳим Хайруллаев ва Тўлқин Баҳронов кумуш, Фазлиддин Азизжонов бронза медаль билан юртимизга қайтадиган бўлди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА