Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига кўра, 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан ўзининг самарали меҳнати, бой билим ва тажрибаси билан мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда фаол иштирок этиб келаётган, Янги Ўзбекистонни барпо этиш, халқ фаровонлигини ошириш йўлида ташаббус кўрсатиб келаётган хотин-қизлардан бир гуруҳи давлат мукофотлари билан тақдирланган эди.
Жумладан, Самарқанд вилоятидан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира Хосият Бобомуродова “Ўзбекистон Республикаси халқ шоири” фахрий унвони, Самарқанд шаҳар нуронийлар жамоатчилик кенгаши фаоли Дилбар Имомова II даражали “Соғлом авлод учун” ордени, вилоят якка кураш спорт турларига ихтисослаштирилган спорт мактабининг дзюдо бўйича мураббийси Хуршида Холиқова “Соғлом турмуш” медали, Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси гид-таржимони Назира Зоҳидова ҳамда Тойлоқ тумани ҳокимининг ўринбосари – оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Ноила Қамбариддинова “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.
Самарқанд вилояти ҳокимлигида давлат мукофотларини топшириш маросими ўтказилди.
Вилоят ҳокими А.Бобоев мукофотланганлар ва тадбир иштирокчиларини байрам билан табриклади ҳамда хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги ўрнини эътироф этди.
– Бугунги кунда вилоятимизда 4400 нафардан ортиқ аёллар раҳбарлик лавозимларида фаолият олиб бормоқда – деди А.Бобоев. – Халқ депутатлари вилояти Кенгаши депутатларининг 22 нафарини хотин-қизлар ташкил этади. 20 нафарга яқин опа-сингилларимиз “Раҳбар аёллар мактаби”да малака ошириб, турли соҳаларда самарали меҳнат қилмоқда. Вилоятимизда хотин-қизлар фаоллигини ошириш, аёллар бандлигини таъминлаш ва тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш мақсадида ишлаб чиқилган дастур асосида ўтган йили 145 минг нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланди, 32 минг нафари меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарларга ва тадбиркорликка ўқитилди. 34 минг нафарга яқин хотин-қизларга тижорат банклари томонидан 934 миллиард сўм кредит маблағлари ажратилди. Бу йил ҳам бу рақамлар яна ҳам юқори бўлиши, самарқандлик ҳар бир хотин-қиз давлатимизнинг эътибор ва ғамхўрлигини ҳис қилиши учун зарур чоралар кўрилмоқда.
[gallery-28042]
Вилоят ҳокими Президентимиз номидан давлат мукофотларини ўз эгаларига топшириб, уларнинг келгуси фаолиятига муваффақият тилади.
– Бу йилги байрам мен учун жуда қувончли воқеаларга бой бўлди, – дейди Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси гид-таржимони, “Шуҳрат” медали соҳибаси Назира Зоҳидова. – Ҳурматли Президентимиз фармонларига кўра, “Шуҳрат” медали билан тақдирландим. Бу мукофот Самарқанд давлат музей-қўриқхонасининг барча ходимлари меҳнатининг эътирофи деб биламан. 25 йилдан буён Мирзо Улуғбек музейида гид-таржимон бўлиб ишлаб, буюк бобомиз ҳаёти ва фаолияти, фалакиёт илми ривожига қўшган ҳиссаси ҳақида сайёҳларга ҳикоя қилиб бераман. Ҳар гал бу ҳақда сўзлаганимда шундай улуғ аждодларнинг авлодлари эканимдан қалбим фахрга тўлади. Бундан буён ҳам юртимиз тарихи, маданияти, улуғ боболаримиз меросини дунёга тарғиб этиш учун бор билим ва салоҳиятимни ишга солиб меҳнат қиламан.
Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан байрам тадбири ҳам уюштирилиб, самарқандлик фаол ва фидойи аёллар, ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар бекаларига ҳурмат-эҳтиром кўрсатилди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА