Бугун Самарқанд халқаро аэропортидан бу йилги муқаддас Ҳаж ибодатини амалга ошириш бахти насиб этган юртдошларимиз Саудия Арабистонига кузатилди.
Бу йил Самарқанд вилоятидан 930 нафар мўмин мусулмонларни муборак Ҳаж зиёратига юбориш кўзда тутилган бўлиб, улар 26-28 май кунлари Самарқанд – Жидда йўналишида парвоз қилади.
– Кўп йиллардан бери ушбу муборак зиёратни амалга оширишни орзу қилардим, - дейди булунғурлик Дилором Сафарова. – Бир неча йил илгари, коронавирус пандемияси даврида ёшга доир чеклов қўйилганда ҳожи бўлиш армонга айланиши мумкинлигини ўйлаб, роса сиқилгандим. Аммо кейинчалик чекловлар бекор қилиниб, мана бу йилги мавсумда муборак зиёратни амалга ошириш насиб этганидан хурсандман. Ибодатлар чоғида бугунги саодатли кунлар учун шукроналар айтиб, Аллоҳдан юртимизга файзу барака, халқимизга фаровонлик, фарзандларимиз бахти, камолини сўрашни ният қилганман.
“Ҳаж – 2025” мавсумида самарқандлик зиёратчилар учун барча қулайликка эга бўлган 4 та махсус авиарейс йўлга қўйилди.
Ғ.Ҳасанов ЎзА мухбири