Бу рақамлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан анча кўп. Лекин бугунги кунда Самарқандда туризмни ривожлантириш учун яратилган имкониятлар ва мавжуд салоҳиятдан самарали фойдаланиб, сайёҳлар оқимини бир неча баробар ошириш мумкин.
Самарқанд вилоят туризмни ривожлантириш жамоатчилик кенгашининг навбатдаги йиғилишида бу фикр алоҳида қайд этилди.

Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев соҳа масъуллари ва мазкур тармоқда фаолият олиб бораётган тадбиркорлар иштирокида амалга оширилаётган ишлар, янги лойиҳалар, тизимдаги муаммо ва камчиликларни муҳокама қилди.
Таъкидланишича, жорий йилнинг ўтган уч ойи давомида вилоятга 424,5 минг нафар хорижий, 849,1 минг нафар маҳаллий сайёҳлар ташрифи кузатилди. Ўтган йилнинг шу даври билан қиёслаганда хорижлик сайёҳлар сони 125 фоизга, маҳаллий сайёҳлар сони эса 185 фоизга ошди. Самарқанд халқаро аэропортида ҳозир бир кунда ўртача 20 та авиарейс амалга оширилмоқда. Йил охирига қадар яна 10 та янги халқаро авиа йўналишни очиш режалаштирилган. Хусусан, зиёрат туризмини ривожлантириш мақсадида Индонезия ва Малайзия авиокомпаниялари билан Самарқандга тўғридан-тўғри авиқатновларни йўлга қўйиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.

Бироқ йиғилишда вилоятга ташриф буюраётган сайёҳларнинг аксарияти барчага маълум бўлган 8 та объект – Регистон, Амир Темур мақбараси, Бибихоним, Шоҳи Зинда, Ҳазрати Хизр, Хўжа Дониёр, Мирзо Улуғбек расадхонаси ва Афросиёб музейига бориш билан чекланаётгани танқид қилинди.
– Самарқанд шаҳар марказидаги саккизта диққатга сазовор маскандан иборат эмас, – деди вилоят раҳбари А.Бобоев. – Бугунги кунда вилоятимиздаги 20 дан ортиқ туристик объектда сайёҳлар учун замон талабларига мос шароит яратилган бўлса-да, ушбу масканларга сайёҳлар ташрифи жуда кам. Хусусан, Конигил туризм маҳалласи, “Боқий шаҳар” мажмуаси, Терсак туризм қишлоғи, Боғибаланд туризм маҳалласи, Пангат қишлоғи, Чорчинор зийёратгоҳи, Ҳазрати Довуд ғори, Шероз қалъа, Нуробод тоғларидаги термал туристик зона, Зарафшон миллий табиат боғи, Омонқўтон миллий табиат боғи каби манзилларда, ҳатто, туристик мавсумда ҳам сайёҳлар оқими паст. Шу боис вилоятдаги туризм объектлари тарғиботини фаол олиб бориш ва сайёҳларни кўпроқ жалб қилиш бўйича аниқ режаларни амалга ошириш керак.

Йиғилишда сайёҳларга хизмат кўрсатиш сифатини халқаро андозалар даражасига етказиш, соҳада ноқонуний фаолиятнинг олдини олиш, туристик фирмалар ходимларнинг профессионал малакасини ошириш, сайёҳлар оқимини кўпайтириш мақсадида имтиёзли турпакет ва чегирмаларни кўпайтириш зарурлиги таъкидланди.

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари