Самарқанд вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармасига яқинда янги тайинланган бошлиқ Музаффар Ҳамдамов Тойлоқ туманидаги мактаблар бўйлаб уюштирилган пресс-тур чоғида ўтказилган тақдимотда ушбу саволга жавоб берди.
Дастлаб рақамларга эътибор қаратсак. Бугунги кунда вилоятдаги 1266 та мактабнинг 69 тасида таълим сифати паст, 26 таси “қизил” тоифада, битирувчилари олий таълим муассасаларига ўқишга кирмаган. 43 та мактаб битирувчилари тест синовларида 56,7 баллдан паст балл тўплаган.


– Ўтган ўқув йили якуни билан таълим сифати паст, битирувчилари олий таълим муассасаларига ўқишга кирмаган мактабларга вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ходимлари ҳамда педагогик маҳорат маркази профессор-ўқитувчилари бириктирилган, – дейди М.Ҳамдамов. – Улар мактаб жамоаси билан бирга ишлаб, таълим сифатига боғлиқ бўлган кўрсаткичлар, жумладан, ўқитувчилар малака тоифаси, фан ўқитувчиларининг билим даражаси ва педагогик маҳорати, мактабда кадрларга бўлган эҳтиёж, чет тили фани ўқитувчиларининг сифат таркиби, ўқувчиларга таълим бериш учун ўқитувчиларга яратилган шарт-шароитлар, мактаб директори ва ўринбосарларининг иш фаолияти, ўқитувчи ва ўқувчи муносабатларини ўрганиб, 69 та мактабнинг ҳар бирида таълим сифатини ошириш учун дастур ишлаб чиқилган. Ҳозир ҳар бир мактаб бўйича дастур ижросини кўриб, таҳлил қиляпмиз. Вазифалар ўз вақтида бажарилган мактабларда ўзгариш бор, ишлар ўз ҳолига ташлаб қўйилган муассасалар бўйича қўшимча чоралар белгилаяпмиз. Керак бўлса, мактаб раҳбарияти ва ўқитувчилар таркиби ўзгартирилмоқда. Ўқув йили якуни билан 69 та мактабнинг барчасида таълим сифати ошиши кутилмоқда.


Тойлоқ туманидаги 51-умумий ўрта таълим мактаби ўтган йил “қизил” тоифага тушиб қолган. Жорий ўқув йилида таълим муассасаси фаолиятида жиддий ўзгаришлар амалга оширилиб, ўқитувчи ва ўқувчиларнинг мактабга муносабати ўзгарди. 240 ўринли қўшимча бино қурилди.
– Ўтган ўқув йилида 18 нафар битирувчимиздан 2 нафари давлат, 3 нафари хусусий олий таълим муассасасига ўқишга кирганди, – дейди мактаб директори Шаҳло Эшонқулова. – Бу йилги битирувчиларимизнинг 50 фоизи миллий ва халқаро даражадаги сертификатларни қўлга киритди ва насиб этса, ўқувчиларимизнинг олий ўқув юртига кириш кўрсаткичи яхшиланади. Ўқитувчиларнинг қўнимсизлиги туфайли мактабимиз “қизил” тоифага тушиб қолганди. Энди бу борада ҳам вазият ўзгарди. Ҳозир 28 нафар педагогимизнинг 5 нафари олий тоифали, 10 нафари биринчи тоифали ўқитувчи ҳисобланади. Вилоятдан масъуллар белгилангач, таълим жараёнларида бир қатор янги методлар жорий этдик. Қўшимча тўгараклар фаолияти йўлга қўйилди. Маҳалла ва ота-оналар билан ҳамкорлигимиз мустаҳкамланди. Бу йил “қизил” тоифадаги мактаблар қаторидан чиқамиз.

Пресс-тур давомида тумандаги “яшил” мактаб тоифасига кирувчи 21-умумий ўрта таълим мактаби фаолияти билан ҳам танишилди. 1909 нафар ўқувчи таҳсил оладиган ушбу мактаб туманда ўз кўрсаткичлари билан юқори ўринларни эгаллаб келмоқда. Масалан, 2023/2024 ўқув йилида 59 нафар битирувчидан 42 нафари олий таълим муассасаларига ўқишга кирган.

– Бу йил мактабимизни 72 нафар ўқувчи битиради, – дейди мактаб директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Сайфуллохон Темирхонов. – Улардан 30 нафарида миллий ва халқаро даражадаги сертификатлар бор. Янаям қувонарлиси, бу йилги битирувчиларимиздан 3 нафари Америка Қўшма Штатлари олий таълим муассасаларига грант асосида ўқишга кирди. Шунингдек, 8 нафар инглиз тили, 9 нафар рус тили, 3 нафар информатика фани ўқитувчиларида ҳам ўз фани бўйича сертификатлар бўлиб, 13 миллион сўмгача маош олади.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари