“Самарқандйўловчитранс” давлат муассасаси бугунги кунда 100 та замонавий ва экологик тоза электробуслари билан Самарқанд шаҳри ва шаҳар атрофида яшовчи аҳолига юқори сифатли жамоат транспорти хизмати кўрсатиб келмоқда.
– Ўтган йил якунигача олиб келинган электробусларимиз ҳозир 9 йўналишда аҳолига хизмат қилмоқда, – дейди “Самарқандйўловчитранс” давлат муассасаси директори Отабек Абдуллаев. – Йилнинг етти ойида давомида Самарқанд шаҳар ва шаҳар атрофи қатнов йўналишларида 9,8 миллион нафар йўловчини манзилига етказдик ҳамда 53,7 миллиард сўм даромад қилдик. Барча электробусларда ATTO (электрон тўлов тизими) жорий қилингани натижасида пул тушумлари шаффофлиги ошди ва йўловчилар учун қулайлик яратилди. Биз нафақат йўловчиларни манзилига етказиш, балки шаффоф, хавфсиз ва барқарор транспорт хизмати кўрсатиш орқали жамият ривожига ҳисса қўшишни мақсад қилганмиз. Бунинг учун бизда масофадан мониторинг GPS бўлими ташкил қилинган, йўналишлардаги барча электробусларимизни реал вақтда кузатиш ва йўловчи оқимини таҳлил қилиш имкониятимиз бор. Доимий фаолият юратадиган CALL маркази фаолияти йўлга қўйилган.


Муассаса томонидан йилнинг тўртинчи чорагида яна 60 та янги электробус сотиб олиш режалаштирилган. Бу транспорт воситалари 6 та янги йўналишга қўйилиши кутилмоқда. Шунингдек, йўловчилардан тушган таклифлар ва таҳлиллар асосида 15 та йўналиш қайта кўриб чиқилади. Барча электробусларда электрон тўлов тизими жорий этилади ва мунтазам йўналишларда АТТО ва QR-кодли тўлов тизимлари йўлга қўйилади.
Электробус паркида бугунги кунда 42 та қувватлаш ускунаси мавжуд.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА мухбири