Маҳалла ёшлари ўртасида спортнинг оммавийлигини ошириш ва соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш мақсадида футбол ва мини-фубол бўйича Давлат хавфсизлиги хизмати кубоги мусобақалари анъанавий тус олди. Мазкур беллашувлар орқали ҳар йили маҳалла ёшлари орасидан истеъдодли футболчилар аниқланиб, қўллаб-қувватланмоқда.
Самарқанд вилоятида ҳам кубок ўйинлари оммавий спорт тадбири сифатида маҳаллалар ёшларини қамраб олмоқда ва вилоят жамоалари мусобақанинг республика босқичида ҳам муваффақиятли қатнашиб келмоқда.

Иштихон туманидаги марказий ўйингоҳда Давлат хавфсизлик хизмати кубоги мусобақаларининг бошланишига бағишланган тадбирда Самарқанд вилояти ҳокимлиги, ДХХ вилоят бошқармаси ва спорт бошқармаси масъуллари ана шу жиҳатларни эътироф этиб, жамоаларга омад тиладилар.
Шундан сўнг, кубок доирасидаги баҳсларга қуръа ташланди ва илк расмий учрашув Иштихон туманининг Бўстон ва Хонақа маҳаллалари жамоалари ўртасида ўтказилди.

Мусобақада 16 ёшдан 30 ёшгача бўлган ўғил болалар футбол ва мини-футбол, қизлар эса мини-футбол бўйича иштирок этади. Кубокнинг туман(шаҳар) саралаш мусобақалари апрель-май ойларида, вилоят босқичи июнь-июль ва республика финал мусобақалари август ойида ўтказилиши режалаштирилган.

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари