“AIR MARAKANDA” компанияси ахборот хизматининг хабар қилишича, 2023 йилнинг биринчи ярмида Самарқанд халқаро аэропорти 439 664 йўловчига хизмат кўрсатди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 121,4 фоиз ёки 241 080 йўловчига кўп деганидир.
2022 йилда эса Самарқанд халқаро аэропорти 493 417 кишига хизмат кўрсатган ва бу 2019 йилга нисбатан 2,6 фоизни ташкил этган.
Йўловчи ташиш оқимининг кўпайиши амалда фаолият юритаётган ташувчиларнинг парвозлари сонининг кўпайиши билан бевосита боғлиқ. Бунга янги ҳамкорларни жалб қилиш ҳам ёрдам бермоқда. Хусусан, жорий йилда Самарқанд аэропортидан 2 та хорижий “Jazeera Airways” ва “Победа” авиакомпаниялари, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг 1 та янги ҳудудий – “Silk Avia” авиакомпанияси рейсларини йўлга қўйди.
Бугунги кунда “Silk Avia” Самарқанд халқаро аэропортига Тошкентдан (ҳафтасига 5 маротаба) ва Бухородан (ҳафтасига 1 маротаба) рейсларини амалга оширмоқда.

Йўловчи ташиш оқими ўсишининг таҳлили шуни кўрсатадики, асосий эътибор халқаро йўналишларга қаратилган. 2023 йилнинг биринчи ярмида энг кўп рейслар Самарқанддан Москвага, Санкт-Петербургга, Истамбулга, Дубайга ва Абу-Дабига парвозлар амалга оширилган. Ушбу рейсларда жами 393 689 йўловчига хизмат кўрсатилган. Биринчи ярим йилликда маҳаллий авиакомпанияларда йўловчи ташиш ҳажми 45 975 йўловчини (+169,7%) ташкил этди ва Тошкент эса энг кўп сўраладиган маҳаллий манзилга айланди.
Ўз навбатида, Ўзбекистоннинг миллий авиакомпанияси – “Uzbekistan Airways” 27 фоиз улуш билан Самарқанд аэропортига йўловчи ташиш бўйича етакчи мавқеини сақлаб қолди ва бу 120 492 йўловчини ташкил этди. Парвозлар географиясини кенгайтириш мақсадида 2023 йил бошидан буён Самарқанд халқаро аэропорти Самарқанддан 6 та ички ва 18 та халқаро йўналишлар бўйича парвозларни амалга оширди.
Маълумот ўрнида, “AIR MARAKANDA” – давлат-хусусий шерикчилик асосида Ўзбекистон Республикаси авиация саноатида биринчи лойиҳа доирасида Самарқанд халқаро аэропортининг янги терминалини ер-устида хизмат кўрсатиш ва бошқариш бўйича оператор-компаниясидир.
Н. Зиёдуллаева, ЎзА