Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси вилоят кенгаши ҳамда вилоят спорт бошқармаси ташаббуси билан оммавий пиёда юриш марафони ўтказилди.
Пайшанба – жисмоний тарбия ва спорт куни ҳамда “Бутунжаҳон саломатлик куни” муносабати билан ташкил этилган марафонда вилоятдаги корхона ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда ходимлари, нуронийлар ва ёшлар иштирок этди.

***
Электр энергияси таъминотини янада яхшилаш ва ушбу йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ қурилиш-монтаж дирекцияси филиали Самарқанд бўлинмасига 5 дона ҳамда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ “Энергосавдо” Самарқанд бўлинмасига 8 дона “Дамас” русумли хизмат машиналари топширилди.
Аввалроқ Наврўз умумхалқ байрами арафасида “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Самарқанд ҳудудий филиали тасарруфидаги электр таъминот корхоналарига 10 дона “Дамас” русумли автомашина ва 3 дона “Исузу” русумли махсус техника берилган эди.

***
Самарқанд шаҳрида велоспорт шоссе бўйича "U-23" ёш тоифасида ўтказилаётган Ўзбекистон чемпионатида 100 нафар иштирокчи 20 ва 40 километр масофада беллашмоқда.
Бугун яккалик гуруҳлар ўртасидаги пойгаларда Сурхондарё вилоят терма жамоаси аъзолари шоҳсупага кўтарилди ва Никита Светков биринчи, Давиржон Абдураҳмонов иккинчи ўринни эгаллади. Тошкент вилояти вакили Фаррух Бобошеровга учинчи ўрин насиб этди.

***
Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг бугунги сессиясида вилоят маҳаллий бюджетнинг 2025 йил 1 январь ҳолатига шаклланган эркин қолдиқ маблағлари ҳисобидан Иштихон тумани Орлот қишлоғида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг собиқ раиси, муфтий Усмонхон Алимов дафн этилган масканни обод қилиш, зиёратчилар учун қулай шароит яратиш мақсадида 1 миллиард сўм маблағ ажратишга қарор қилинди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири