Самарқанд вилоят маъмурий судида халқаро коррупцияга қарши курашиш куни муносабати билан матбуот анжумани ўтказилди.
Анжуманда вилоят суди ва вилоят маъмурий суди судьялари мамлакатимизда коррупцияга қарши курашни кучайтириш борасида олиб борилаётган ишлар, қонунчиликдаги янгилик ва ўзгаришлар ҳамда судларда коррупцион ишларнинг кўрилиши ҳақида маълумот берди.
– Жорий йил 5 март куни давлатимиз раҳбари иштирокида ўтказилган коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишида коррупцияга қарши курашиш умуммиллий вазифа ва ҳар бир фуқаронинг виждон иши эканлиги, коррупцияга “жамият танасидаги саратон” сифатида қараш кераклиги таъкидланганди, – дейди Самарқанд вилоят суди судьяси Темур Алмаматов. – Ушбу йиғилишда белгиланган вазифаларни бажариш борасида вилоятимиз судлари томонидан ҳам муайян ташкилий-ҳуқуқий ишлар амалга оширилди. Жумладан, йилнинг 11 ойи давомида судларда коррупция билан боғлиқ 400 та (624 нафар шахсга нисбатан) жиноят иши кўриб тамомланди. Бу турдаги жиноятларни содир этганлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 49 нафарга кўпайган. Жиноятлар тоифасига қарайдиган бўлсак, энг кўпи ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш (452 нафар шахсга нисбатан), фирибгарлик (64 нафар шахс), пора олиш (13 нафар шахс), пора бериш (18 нафар шахс), давлат хизматчисининг қонунга хилоф равишда моддий қимматликлар олиши ёки мулкий манфаатдор бўлиши (6 нафар шахс), мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш (9 нафар шахс) билан боғлиқ бўлди. Коррупцияга оид 361 та жиноят иши бўйича 569 нафар шахсга нисбатан айблов ҳукми чиқарилган бўлиб, 62 нафар судланувчига озодликдан маҳрум қилиш, 79 нафарига озодликни чеклаш, 347 нафарига ахлоқ тузатиш ишлари, 64 нафарига жарима жазолари тайинланди. Судланган шахсларнинг келгусида яна шундай жиноятларни содир этишининг олдини олиш мақсадида 332 нафарига у ёки бу мансабни эгаллаш ёхуд у ёки бу фаолият билан шуғулланишини тақиқлаш учун қўшимча муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазолари қўлланилди.
[gallery-26585]
Мазкур тоифадаги жиноятлар соҳалар кесимида таҳлил қилинганда мактабгача ва мактаб таълими тизимидан 67 нафар шахс, соғлиқни сақлаш соҳасидан 32 нафар, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органларидан 26 нафар, ҳокимликлардан 24 нафар, банклардан 18 нафар шахс коррупцион жиноятларларга қўл ургани аниқланди. Энг ачинарлиси, ушбу жиноятларни содир этган шахсларнинг 126 нафари ёки ҳар беш нафардан бири муқаддам судланган. Шундан 99 нафари аввал ҳам коррупциявий жиноятга қўл урган. Мисол учун, Д.Бобобеков муқаддам тўрт маротаба коррупция билан боғлиқ жинояти учун судланиб, жазони ўтаётган бўлса-да, “Агробанк” АТБ Қўшработ филиали бошқарувчиси ўринбосари вазифасида ишлаб келиб, бошқа фуқаронинг номига расмийлаштирилган, амалда эса ўзи бошқариб келган масъулияти чекланган жамиятга 1 миллиард сўм кредит ажратиб, пулларни шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборган. Бу гал унга 2 йил муайян ҳуқуқдан маҳрум қилинган ҳолда 7 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Коррупцион жиноятлар натижасида давлат манфаатларига 237 миллиард 821 миллион сўм миқдорида моддий зарар етказилган. Шу пайтгача 83 миллиард 485 миллион сўм зарар қопланган.
Матбуот анжуманида коррупцион жиноятларнинг олдини олиш борасидаги профилактик ишлар ва жамоатчилик назоратини кучайтириш зарурлиги таъкидланди. Шунингдек, коррупцияга оид жиноятлар учун жазоларни кучайтириш, шу турдаги қилмиши учун судланган шахсларни мансаб вазифаларига тайинлашни чеклаш юзасидан таклифлар билдирилди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари