
Самарқанд давлат тиббиёт университетида 2-Евроосиё тиббиёт конгресси ва 1-Евроосиё ҳамширалар конгресси бўлиб ўтди.
Халқаро илмий-амалий анжуманларда мамлакатимиз тиббиёт соҳаси масъуллари билан бирга Россия, Туркия, Германия, Хитой, Қозоғистон, Озарбайжон, Тожикистон ва бошқа мамлакатлардан 400 нафардан ортиқ соҳа вакиллари, тадқиқотчилар иштирок этди.
Конгресснинг очилишида сўзга чиққан Самарқанд давлат тиббиёт университети ректори, профессор Жасур Ризаев нуфузли анжуманнинг илмий ва амалий тиббиётдаги аҳамиятини қайд этди.
“ECAQA” (таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасида аккредитация ва сифатни таъминлаш бўйича Евроосиё маркази) мустақил аккредитация ва рейтинг агентлиги томонидан Самарқанд давлат тиббиёт университетига таълим фаолияти сифатининг жаҳон стандартлари ва мезонларига мувофиқлигини тасдиқловчи халқаро институционал аккредитация сертификати топширилди.
2030 йилга қадар амалда бўладиган мазкур аккредитация нафақат университет, балки унда ўқиётган минглаб талабалар учун ҳам катта имкониятлар эшигини очиб, битирувчиларнинг дипломлари хорижий давлатлар ва иш берувчилар томонидан тан олинишига замин яратади.
Тиббиёт соҳасида илғор тажрибалар, инновациялар ва технологияларни жорий қилиш ҳамда ҳамкорликни ривожлантириш учун муҳим платформа вазифасини ўтаган анжуманда буюк аждодимиз Абу Али ибн Сино меросини ўрганиш ва унинг тиббиёт фанига қўшган ҳиссасини эътироф этиш асосий мавзу сифатида муҳокама қилинди. Шунингдек, минимал инвазив жарроҳлик ва робот жарроҳлик: замонавий технологиялар ёрдамида жарроҳлик амалиётларини янада такомиллаштириш ва беморлар хавфсизлигини ошириш, саратон касалликларини эрта аниқлаш, самарали даволаш усулларини муҳокама қилиш ва тажриба алмашиш, тиббий кадрлар тайёрлашда инновацион усуллар ва симуляцион технологиялардан фойдаланиш тажрибалари муҳокама қилиниб, фикр алмашилди.
Конгрессда тиббиётнинг кўплаб долзарб муаммоларига қаратилган чиқишлар, жумладан, замонавий Европа тиббиётининг ютуқлари ва йўқотишлари, лапароскопик ва роботлаштирилган жарроҳлик, торакал жарроҳликда робот ёрдамида амалга ошириладиган операцияларнинг техник хусусиятлари каби мавзуларда маърузалар тингланди. Шунингдек, республикамиз ҳамда хорижлик етакчи мутахассислар томонидан робот жарроҳлик, лапароскопик гинекология ва урология, интервенцион радиология ва USG, лазер проктология ҳамда ҳамширалик курслари ташкил этилиб, муҳим мавзуларда 25 дан ортиқ маҳорат дарслари ўтказилди.
[gallery-22686]
Халқаро илмий-амалий конгресс доирасида Самарқанд давлат тиббиёт университети кўп тармоқли клиникаси хирургик корпуси базасида етакчи мутахассислар иштирокида 15 га яқин хирургик, урологик, гинекологик жарроҳлик амалиётлари ва Самарқандда илк бора мураккаб робот хирургияси операциялари ўтказилди. Шунингдек, вилоятдаги оғир даражадаги беморлар учун тиббий кўриклар ташкил этилди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари