Жорий йил ноябрь ойида Самарқандда еттинчи “Samarkand Marathon” халқаро хайрия югуриш мусобақаси ўтказилади.
Республика Маданият вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси, Спортни ривожлантириш вазирлиги ҳамда Самарқанд вилоят ҳокимлиги томонидан ҳар йили анъанавий тарзда ташкил этиб келинаётган мазкур мусобақа маданият ва санъат муассасаларида инклюзивлик муаммосига жамоатчилик эътиборини жалб этиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, маданий туризмни ривожлантириш, республика аҳолисини, жумладан, ёш авлодни фаол спортга кенг жалб этишга қаратилган.
2019 йилда “Samarkand Нalf Marathon” (Самарқанд ярим марафони) тарзида ташкил этилиб, илк бор ўтказилган мусобақа дунёнинг 23 давлатидан келган 1100 нафардан ортиқ спортчи ва ҳаваскорлар иштирокида 2, 10, 21,1 километр масофада ўтказилган эди. Кейинчалик бу тадбир “Samarkand Marathon”га айлантирилиб, унинг кўлами ва даражаси ошди. Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 4 майдаги ва 2022 йил 6 августдаги қарорлари билан мазкур марафонни Самарқанд шаҳрида ҳар йили октябрь-ноябрь ойларида ўтказиш белгиланди.
2024 йилнинг 2–3-ноябрь кунлари ўтказилган олтинчи “Samarkand Marathon 2024” мусобақаларида дунёнинг 43 мамлакатидан 5,5 минг иштирокчи, жумладан, 600 нафардан ортиқ югурувчи қатнашди. Улар 42,2, 21,1, 10, 5, 2 километр масофада югуриш баҳсларида иштирок этди. Шунингдек, 5 километр масофада инклюзив югуриш мусобақаси ҳам ўтказилди.
Марафоннинг старт ва марраси Регистон майдонида жойлашган бўлиб, иштирокчилар белгиланган масофаларни шаҳардаги асосий тарихий обидалар олдидан босиб ўтадилар. Айни шу жиҳат “Samarkand Marathon”нинг ўзига хос хусусияти ҳисобланади.
Самарқанд вилоят спорт бошқармасининг маълум қилишича, бу йилги марафонга ҳам ҳозирдан тайёргарлик ишлари бошланган. Айни пайтда юртимизда ва хорижда тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Бунда таниқли шахслар, машҳур спортчилар, чемпионлар кенг жалб этилмоқда. Асосий мақсад марафоннинг оммавийлигини ошириш, иштирокчилар сафини кенгайтириш орқали маданият ва санъат муассасаларида инклюзивлик муаммосига жамоатчилик эътиборини қаратиш, хайрия тадбирларини кенг кўламда олиб боришдир.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари