Саломатликни асраш, касалликни даволашдан кўра, унинг олдини олиш соғлом ва бахтли ҳаёт кафолатидир.
Шундай экан, соғлиғимизни асраб-авайлаш, соғлом турмуш тарзига, тўғри овқатланиш тартибига амал қилиш шарт ва лозим. Бу эса ҳар бир инсоннинг ўз қўлида.
Турли касалликларга чалинмаслик, уларнинг олдини олиш, тўғри овқатланиш тартиби борасида “DAMRUS VITA” саломатлик маркази валеологи, Ўзбекистон валеологлар ассоциацияси аъзоси, саплиментолог, нутрициолог Чарос САИДОВА билан суҳбатлашдик.
– Аввало, валеология ҳақида маълумот берсангиз. Бу тушунча замирида қандай маъно-мазмун, мақсад мужассам?
– Аҳолига сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш жараёнида Ўзбекистон тиббиёти соҳасига “Валеология” фани кириб келди. Ушбу фан соғлом инсоннинг соғлиғини ўрганувчи, “Саломатлик тўғрисида”ги фан ҳисобланади. Унинг 3 та йўналиши мавжуд: организм резерви (захираси), индивидуал (алоҳида) ҳолати, соғлом турмуш тарзини шакллантириш. Шунингдек, инсоннинг яшаш тарзи ва ҳаёти жараёнида шаклланиши 4 та босқичдан иборат бўлиб, улар тўғри овқатланиш, жисмоний ҳаракат, руҳий ҳамда репродуктив ҳолат.
Валеология фани соғлом ёки касалолди ҳолатдаги инсонлар ҳолатини ўрганиб, “Соғломлаштириш режаси”ни олиб боради. Яъни, маслаҳатлар, тавсиялар бериб, инсон саломатлигининг кўрсаткичларини баҳолайди ва “Индивидуал – персонал карта”ларида қайд қилиб боради. Умуман, биз, валеологлар соғлом турмуш тарзи тарафдори сифатида одамларнинг саломатлигини асраш, турли хасталикларнинг олдини олиш чораларини кўришга ҳаракат қиламиз.
– Тўғри овқатланиш саломатликнинг гарови эканлигини яхши биламиз. Аммо ҳар доим ҳам бунга амал қилавермаймиз. Тўғри овқатланиш тартиблари ҳақида тўхталиб ўтсангиз.
– Тўғри овқатланишнинг валеология фани нуқтаи назаридан 5 та “олтин қоида”си мавжуд. Булар 1) овқатлар хилма-хиллиги; 2) ҳар хил кўкатлар, мева-сабзавотлардан бир кунда 700 грамм истеъмол қилиш; 3) кунига 5 маҳал овқатланиш; 4) эрталабки нонушта кунлик рационнинг 20-30 фоизини ташкил қилиши; 5) чойни овқатлангандан ярим соат ўтиб ичиш, ҳар хил салқин ичимликларни, фаст-футларни кўп истеъмол қилмаслик.
Бундан ташқари, инсон узоқ умр кечириб, соғлом яшаши учун саломатлик концепциясининг 5 олтин қоидасини билиши керак.
Бундай яшаш жуда оддий: руҳиятни назорат қилиш, тўғри сув ичиш, танамиздан кераксиз ахлатларни чиқариб ташлаб, керакли озуқани етказиб бериш, кунлик ҳаракат балансини ушлаб туришдан иборат.
Келинг, ушбу қоидаларнинг ҳар бирига алоҳида тўхталиб ўтсак.
1-олтин қоида – психология. Руҳиятимизни канчалик идора этсак, муддатдан олдин касалланаётган, ўлаётган ҳужайраларни сақлаб қоламиз.
Касал бўлмаслик учун стрессларга бардошли бўла олишимиз, руҳиятимизни назорат қилишимиз керак. Нуқтаи назарни ижобий томонга ўзгартириш, қарашларни, одатларни ўзгартириш лозим. Соғлиғимиз учун масъулиятни врачларга эмас, аввало, ўзимизга олишимиз зарур.
2-олтин қоида – сув. Тонгда уйғонибоқ илиқ ҳароратдаги 640 мл сув ичишга одатланиш лозим. Кейин кун давомида ҳар овқатдан 30 дақиқа олдин яна 1-2 стакан, овқатланганимиздан сўнг эса 30-60 дақиқа ўтиб, яна 1-2 стакан сувни қултумлаб ичамиз.
3-олтин қоида ҳужайравий озуқа, макро ва микроэлементлар истеъмол қилиш, тартибли, соғлом, 5 маҳал тўғри рационал овқатланиш лозим. Бунда 3 маҳал асосий овқат, 2 маҳал перекус, яъни тушликка қадар соат 11 ларда ва тушдан сўнг соат 17 да салат, мева ва сабзавотлардан иборат енгил тамадди қилиш мақсадга мувофиқ.
4-олтин қоида – ҳаракат. Организмимизда кечаётган ҳужайралар алмашинуви жараёни сифатли бўлиши, соғлом ҳужайралар туғилиши учун биз ҳар куни 10 000 қадам юришимиз, ҳаракат қилишимиз жуда муҳим.
Ниҳоят, 5-олтин қоида – экология, ички организм тозалиги. Фильтр органлар, қон томирлари ва лимфа тизими тозалиги ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Организмни айнан паразитлар, бактерия, вируслар, шлаклардан йилида мақсадли, системали ва онгли тарзда тозалов қилишимиз жуда муҳим.
– Сув ҳақида айтиб ўтдингиз. Ҳақиқатан ҳам сув ҳаётимизда, саломатлигимизда энг муҳим ўринда туради. Айтингчи, агар сув меъёрида, етарлича ичилмаса, бу соғлиғимизга қандай таъсир кўрсатади?
– Танамиздаги барча моддалар алмашинуви сув иштирокида ўтади. Сувнинг етарлича истеъмол қилинмаслиги организмнинг сувсизланишига олиб келади. Сувсизланган организм эса органларни зарарли моддалардан тўлиқ тозалай олмайди, улар қонга келиб тушади ва бу сўзсиз терининг ҳолатида ўз аксини топади. Тери рангпар, дағал тус олиб, унда ҳуснбузарлар пайдо бўлади, сон ва думба соҳаларида эса целлюлит пайдо бўлиб, товон ва тирсаклар терисининг қуриши кузатилади. Шунингдек, сув кам ичилса, организмда заҳарли моддалар тўпланади, туз ва тош касалликларининг келиб чиқиш эҳтимоли кўпаяди. Моддалар алмашинуви сусаяди ва вазн ошади. Юқорида айтиб ўтилганларнинг олдини олиш учун эса тозаланган ва газсиз сув ичиш лозим. Тонгни 640 мл. илиқ сув билан бошлаб, кун давомида 2 литрдан кам ичмаслик керак. Бунда кофе, чой, шарбат ва бошқа ичимликлар сув ўрнида ҳисобланмайди. Шу ўринда яна бир тавсия: муздек сув ёки муздек ичимликлар билан овқат тановул қилиб бўлмайди.
Умуман, сув организмдаги барча жараёнлар ва ҳамма ҳужайра, тўқима ва аъзоларнинг асосини ташкил қилади. Сув организмимиздаги барча функцияларда тана ҳароратини бошқаради, ундаги чиқинди ва шлакларни бартараф этади.
Ҳужайраларга озуқавий моддалар ва кислород етказиб беради. Тери ва бошқа тўқималарга табиий намликни етказади, мушаклар мустаҳкамлиги ва суякларнинг эластиклигини бошқаради, ҳазм қилишни яхшилайди.
– Баъзи инсонлар табиатан сувни кўп ичадиган, айримлар эса кам истеъмол қиладиган бўлади. Ҳатто чанқаганини ҳам сезишмайди. Аслида сув истеъмолида меъёрни тана вазнидан келиб чиққан ҳолда танлаш керакми?
– Сувни тана вазнига қараб 30 мл.га кўпайтирамиз. Масалан, 70 кг. вазн учун 2 литр 100 миллиграм сув меъёр ҳисобланади. Сув илиқ бўлиши жуда муҳим. Агар сувни фақат чанқаганда ичиш керак деб ўйласангиз, хато қиласиз. Чанқоқ ҳолатини кутсангиз, организмни сувсизлантираётган бўласиз ва ярим ёки бир литр сув йўқотасиз. Шунинг учун чанқоқни кутмай, ҳўплаб-ҳўплаб сув ичиш зарур.
– Сув кам истеъмол қилинаётган бўлса, бу қандай белгиларда намоён бўлади?
– Сув кам истеъмол қилинса, албатта, тана ўз белгиларини кўрсата бошлайди. Масалан, қуруқ лаблар, кўнгил айниши, сийдикнинг ранги ўзгариши, кам сийиш, ич қотиши, нафас олишнинг қийинлашуви кабилар тана сувсизланаётганидан дарак беради. Шунинг учун мунтазам сув ичиб туриш тавсия этилади. Агар сизни бош оғриғи тез-тез безовта қилиб турса, 1 стакан сув доридан яхшироқ ёрдам беради. Организмни сув ичишга ўргатиб олсангиз, бундай оғриқларнинг олдини оласиз. Илиқ сув қон айланишини яхшилайди, шунинг учун спорт билан шуғулланишдан олдин ҳам сув ичиш тавсия этилади. Илиқ сув мунтазам ичиб турилганда терининг ҳолати яхшиланади. Бу эса яқин вақт ичида юздаги ҳуснбузарларнинг йўқолишига олиб келади. Сув мия фаолиятига ижобий таъсир кўрсатиб, стрессни камайтиради, хотирани мустаҳкамлайди. Эрталабдан сув ичишга одатланган инсон бир ҳафта ўтиб, ўзида яхшигина ўзгариш сезади.
Бир сўз билан айтганда, сув умрни узайтиради, хотирани мустаҳкамлайди, кўриш қобилиятини яхшилайди, кайфиятни назорат қилади, буйраклар фаолиятини яхшилайди.
– Юқорида сувдан бошқа суюқликлар сув ўрнини босмаслигини таъкидладингиз. Айрим инсонлар сув ўрнида ҳам чой ёки қайнатилган сув ичишади. Умуман, саломатлигимиз учун қандай сув ичган фойдали?
– Саломатликда, соғлом турмуш тарзида ичаётган сувимизнинг ҳолати ҳам жуда муҳим. Яъни, албатта, қайнамаган, газланмаган, рангланмаган, минераллашган, структурали, тирик сув ичиш лозим. Қайнатилган сув хавфсиз, аммо қайнатиш сувни зарарлантиради. Қувурдан келадиган (водопровод) сувида хлор кўп бўлади. Ҳозирда бундай сувни ичиш яроқсиз ҳисобланади. Уни қайнатганда эса сувдаги хлор хавфли бўлган хлороформга айланади. Яхшиямки, бахтимизга хлороформ оз миқдорда... Демак, хулоса қилишимиз мумкинки, доимий равишда қайнатилган сув истеъмол қилиш саломатлик ёмонлашувига олиб келади. Чунки сув қайнаганда ундаги ҳамма фойдали минераллар ўлади ва у ўлик сувга айланади. Бизнинг ҳужайраларимизга эса фақат тирик сув керак!
— Чаросхон, мазмунли суҳбат ва соғлом турмуш тарзига оид муҳим тавсияларингиз учун раҳмат.
PS: Саломатлик концепциясининг биргина олтин қоидаси – сувни меъёрида истеъмол қилиш, сувнинг фойдаси, соғлом турмуш тарзида тутган ўрни ҳақида батафсил танишдик. Мутахассис билан суҳбатимиз ҳали давом этади. Саломатлик борасидаги олтин қоидалар, тавсиялар, билган-билмаган оддий ҳақиқатларимиз ҳақида илинадиганларимиз бисёр. Соғлиғимизни соғ пайтимизда асрашни ўрганайлик.
Муҳтарама КОМИЛОВА, ЎзА